Ўзбекистон Баку орқали пахта, гилам ва ипак савдосини йўлга қўйиши мумкин

Oбуна бўлиш
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига (ТТДҲК) Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши унинг Европага юк оқимини сезиларли даражада оширишига замин яратади. Бунинг баробарида юк коридорлари ва маршрутлари ўртасидаги фарқни ҳисобга олиш керак, дейди озарбайжонлик эксперт.

Бакуда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олий даражадаги еттинчи йиғилиши якунига етди. Ўзбекистон ташкилотнинг янги тўлақонли аъзоси бўлди. “Европа-Кавказ-Осиё” (ТРАСЕКА) Халқаро ҳукуматлараро комиссияси доимий котибиятининг Озарбайжондаги вакили Акиф Мустафаев Sputnik билан суҳбатида Ўзбекистоннинг кенгашга аъзолиги унга халқаро транспорт коридори бўйлаб юк ташишда қандай қўшимча имкониятлар яратиши ҳақида сўзлаб берди.

-          Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзолиги унинг ТРАСЕКА коридори бўйлаб юк ташималарига таъсир кўрсатадими?

-          Ўзбекистоннинг кенгашга аъзолиги унинг коридор бўйлаб юк ташишлари ҳажмини сезиларли даражада оширади, албатта. Даставвал аниқлик киритиб олайлик, Ўзбекистон “Европа-Кавказ-Осиё (ТРАСЕКА) коридорини ривожлантириш бўйича халқаро транспорт тўғрисидаги асосий кўптомонлама шартнома”ни 1998 йилда имзолаган мамлакат. Шундай бўлишига қарамай, Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар билан ўзаро савдо айланмаси нақадар паст бўлиб қолаётганига эътибор беринг – биргина жорий йил саккиз ойи якуни бўйича бу рақам бор-йўғи 5 млрд АҚШ долларни ташкил этди.  

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев тамомила ижобий ва илғор етакчи эканлигини намойиш қилди. Унинг мамлакатни ТТДҲКга аъзо қилиш тўғрисидаги қарори, шубҳасиз, мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларининг ривожланиши ва юклар транзити ошишига олиб келади. Илгари ўзбек ва туркманлар бу каби минтақавий тузулмалар хусусида ўта эҳтиёткор эдилар. Янги раҳбарият келиши билан эса ташқи иқтисодий фаолиятни тараққий эттириш юзасидан музокаралар бошланиб кетди ва кўриб турганингиздек, натижаси ўлароқ Ўзбекистон Туркий кенгашга аъзо бўлди.

Транзит йўлида: МДҲдан ЕОИИга қараб

-          Туркманистон бу йўналишда қадамини ҳанузгача босгани йўқ. Сизнингча, унинг ТТДҲКга аъзо бўлиши учун қанча вақт талаб қилинади?

Флаг Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон Туркий Кенгашга нега аъзо бўлди?

-          Туркманистон ҳам кенгашга яқин орада аъзо бўлади. Биринчидан, ўзимизнинг ҳам бундай истагимиз бор, чунки бу туркий тилли бизнинг қўшни давлат. Умид қиламизки, Туркманистон бу борада ижобий қарор қабул қилади. Минтақадаги бир туркий тилли мамлакат бошқалардан четда қолиб, яккаланиб қолиши мумкин эмас. Таъкидлаш керакки, барча туркий тилли мамлакатлар ТРАСЕКА халқаро ҳукуматлараро шартномасини имзолаган.

-          Сўнгги пайтларда янги коридорларнинг ташкил этилаётганлиги тўғрисида мулоҳазаларни тез-тез эшитиб турибмиз. Улар ТРАСЕКАга рақобат ҳосил қила оладими?

-          Ҳеч қандай янги коридорлар ҳақида сўз бораётгани йўқ. Бу янглиш мулоҳаза.

Аслида, Европа-Кавказ-Осиё халқаро транспорт коридори доирасидаги маршрутлар назарада тутилган эди. Яъни гап Афғонистон, Туркманистон орқали Озарбайжонга, бу ердан Туркияга ва сўнгра Европага ўтувчи Транскаспий халқаро транспорт маршрути ёки Lapis Lazuli маршрути ҳақида кетаётган эди. Зотан, коридор ичида яна коридор очиш мумкин эмас. Яъни нутқларда кўпинча “янги маршрутлар” ибораси ўрнига “коридорлар” тушунчаси қўлланилмоқда ва натижада, тушунмовчилик юзага келмоқда. 

Шавкат Мирзиёев в Тюркском совете - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашда 4та ташабуус билан чиқди

Минтақада янги маршрутларни ҳосил қилиш фақат рағбатлантирилади, чунки бу юкларни юбориш йўлларини диверсификациялашга ва умуман олганда, ТРАСЕКА коридори бўйлаб юк ташималари ҳажмини оширишга имкон яратади. Масалан, Баку-Тбилиси-Карс темир йўллар маршрутини олайлик. Илгари Европага Қора денгиз ва Грузия орқалигина чиқишимиз бор эди, эндиликда эса Грузия ва Туркия темир йўллари орқали янги йўлимиз ҳам пайдо бўлди.

Қолаверса, 12 давлат раҳбари томонидан имзоланган ТРАСЕКА коридори тўғрисидаги шартномамиз ҳамда транзит ва чегарадан ўтиш жараёнини соддалаштириш бўйича техник иловаларимиз бор.

-          Ўзбекистондан Европа йўналиши бўйича қандай товар ва юклар қатнаши мумкин бўлади?

-          Бугунги кунга келиб, ТРАСЕКА бўйлаб Ўзбекистоннинг транзит оқими деярли йўқлигини ҳисобга олганда, коридор бўйлаб юк оқими бир неча маротабагача ошиши мумкин. Бунга қизиқиш энди, ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келиши билан пайдо бўлди. Озарбайжон орқали Европа йўналишлари бўйича бу мамлакатдан хусусан, пахта, гиламлар, ипак ва шу каби анъанавий бўлиб қолган маҳсулотлар оқимини йўлга қўйиш мумкин бўлади. Шу билан бирга, табиийки, Европа мамлакатларидан ҳам Ўзбекистон йўналишида товарлар ҳаракатлана бошлайди.

1998 йил сентябрда Озарбайжон пойтахтида ТРАСЕКАнинг 12 мамлакати иштирокида тарихий саммит бўлиб ўтганди. Унда давлатлар ўз геосиёсий ва иқтисодий имкониятларини тўлиқ равишда татбиқ этиш мақсадида “Европа-Кавказ-Осиё коридорини ривожлантириш бўйича халқаро транспорт тўғрисидаги асосий кўптомонлама шартнома”сини имзолаган эдилар.

ТРАСЕКА аъзо-мамлакатлари Европа-Кавказ-Осиё халқаро транспорт коридорини ривожлантириш бобида ТРАСЕКА ҳукуматлараро комиссияси стратегиясини босқичма-босқич амалга ошириб келмоқда. Ҳозирга келиб, коридорни Трансевропа транспорт тармоқларига аста-секинлик билан интеграция қилиш орқали мультимодал юк ташималарининг барқарор инфраструктуравий тармоғини ташкил топтиришга бутун диққат-эътибор қаратилмоқда.

Янгиликлар лентаси
0