ТОШКЕНТ, 15 окт - Sputnik. "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хонанда Жаҳонгир Отажонов атрофида ижтимоий тармоқларда авж олган қизғин муҳокамалардан сўнг хонанда лицензияси нега олиб қўйилгани хусусида кенгроқ тўхталишга қарор қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Эслатиб ўтамиз, 14 октябрь куни "Ўзбекконцерт" хонанда Жаҳонгир Отажоновни лицензиядан маҳрум қилган эди. ОАВларда тарқалган хабарларга кўра, хонанданинг лицензиядан маҳрум этилишига унинг доллар ёмғирида "чўмилгани" сабаб бўлган. Отажонов билан боғлиқ бу хабар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кимдир хонанда қўшиқларни жонли ижро этишини таъкидлаб, унинг лицензияси олиб қўйилганидан афсусдалигини билдирган бўлса, яна кимдир санъаткорнинг хулқига муносиб иш бўлганини айтган ва "Ўзбекконцерт" қарори тўғрилигини қўшимча қилган эди.
"Ўзбекконцерт" расмий баёнотига кўра, сўнгги пайтларда айрим санъаткорларнинг юриш-туриши, кийиниш ва муомала маданиятида миллий менталитетга ёт бўлган ҳолатлар яққол кўзга ташланмоқда.
"Хонандаларда хулқ одоби бирламчи бўлмас экан, ҳар қандай истеъдод ва маҳоратли ижро ҳам иккинчи даражали бўлиб қолаверади. Хонандалар халқ назаридаги инсон, уларга ёшлар эргашади, андоза олади. ... Cўнгги вақтларда Жахонгир Отажонов ана шундай масъулиятни бироз унутиб қўйди", - дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, 2019 йил 9 октябрь куни "Ўзбекистон" телеканали орқали эфирга узатилган "Муносабат" ток-шоусининг оилавий тадбирларни тартибга солиш тўғрисидаги қарор ижросига бағишланган сонида студия мониторида тўйлардан олинган лавҳалар кўрсатилган ва муҳокама қилинган.
Лавҳаларнинг бирида хонанда Жаҳонгир Отажонов билан боғлиқ тасвирлар ҳам акс этган бўлиб, иштирокчилар бунга салбий муносабат билдиришган. Кўрсатувдан сўнг ОАВларда "Жамоатчилик хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини олиб қўйишни талаб қиляпти" мавзусида мақола эълон қилинган. Мазкур мақола ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.
"...хонанда Жаҳонгир Отажонов жамоатчилик эътирозидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига, ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилди ва "Олларинг мани лицензиямни, маза қилларинг, агар шу билан маданиятли бўлсаларинг. Ман хурсанд бўламан... халқ маданиятли бўлиб кетиб қолса шу билан..." қабилида фикрларни билдирди. Хонанданинг ушбу чиқиши ижтимоий тармоқ орқали ёшлар орасида ва жамоатчилик ўртасида салбий фикр уйғотмасдан қолмади. Хонанда ўзининг маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган бу каби номуносиб ҳаракатлари орқали Муассаса билан тузилган лицензия битими талаб-шартларини мунтазам равишда бузиб келмоқда. Юқоридагиларни инобатга олиб, <...> Ж.Отажоновнинг лицензияси 2019 йил 14 октябрь кунидан тугатилди. Шу ўринда хонанда Ж. Отажоновга концерт-томоша, тўй-юбилей ва бошқа тантаналарда лицензиясиз фаолият кўрсатиш қонунчиликка асосан жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз", - дейилади "Ўзбекконцерт" баёнотида.
Муассаса барча санъат аҳлини ижтимоий тармоқларда санъаткор одобига зид турли хил бемаъни сўзларни тарқатмаслик, жамоатчилик ўртасида санъаткорларга нисбатан ноўрин муносабат шакллантирилишига йўл қўймасликлари борасида огоҳлантирган.