ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Шимолий Каролина штатидаги Дьюк университети тадқиқотчилари секин юриш миянинг эрта қариши билан боғлиқлигини аниқлашди. Тадқиқот натижалари JAMA журналида чоп этилган.
Тадқиқотда 45 ёшга кирган 900 дан зиёд Янги Зеландия аҳолиси иштирок этган. Уларнинг соғлиги уч яшарликларидан кузатиб борилган.
Эксперимент иштирокчиларининг деярли бутун ҳаёти давомида маълумот тўплаш ёшлик пайтида паст ақл-идрок ва суст тил қобилиятига эга бўлганлар ўрта ёшда секинроқ юришларини аниқлашга имкон берган.
Қолаверса, тадқиқот иштирокчиларга 45 ёшда магнит-резонас томогафия (МРТ) қилдирилган. Томогафия хулосасига кўра, секин юрувчиларнинг мия ҳажми кичиклиги ва унинг қобиғининг зичлиги камлиги аниқланган. Шунингдек, уларда кичик томирларнинг хасталигидан дарак берувчи аломатлар кузатилган. Олимларнинг таъкидлашича, буларнинг барчаси миянинг эрта қариётганидан далолат беради.
Бундан ташқари, тадқиқотчилар саккиз кишидан иборат гуруҳдан иштирокчиларнинг ёши суратга қараб аниқлашни илтимос қилишган. Натижада секин юрувчилар тез юрувчиларга қараганда кекса бўлиб кўрингани маълум бўлган.