ТОШКЕНТ, 10 окт – Sputnik. Бош прокуратура Камолон маҳалласида содир этилган қасддан одам ўлдириш жинояти юзасидан баёнот берди.
Хабарда ёзилишича, 05 октябрь куни соат тахминан 04:30ларда Шайхонтоҳур тумани, Киркий кўчасида жойлашган уйнинг ётоқхонасидан, шу хонадонда истиқомат қилиб келган Аббос А.нинг (1993 й.т., ХАТБ “Универсал банк” Тошкент филиали бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган) мурдаси бўйин соҳасидан дазмол шнури билан бўғилган ҳолатда топилган.
Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Аббос А.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан бўғилишидан келиб чиққан механик асфикция натижасида юз берганлиги аниқланган.
Тезкор-тергов ҳаракатларида аниқланишича, Камола А. турмуш ўртоғи Аббос А. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни қасддан ўлдириш ҳақида қариндоши Отабек Х. билан жиноий тил бириктирган. Отабек Х. 04 октябрь куни соат 19-00ларда Аббос А.нинг яшаш уйига келиб, хонадон меҳмонхонасидаги стол остига беркиниб олган ва Камола А. билан унинг турмуш ўртоғи Аббос А.ни ўлдириш учун қулай фурсат кутган.
05 октябрга ўтар кечаси соат 00-30ларда ётоқхонага кириб, Аббос А. уйғоқ бўлганлиги сабабли унинг устига чиқиб, юз қисмига чап қўли мушти билан бир неча зарбалар берган. Сўнгра олдиндан тайёрлаб қўйилган дазмол электр сими билан бўйин соҳасидан бўға бошлаган.
Натижада, Аббос А. ўзига нисбатан бўлаётган тажовуздан ҳимояланиб, яқин қариндошларини ёрдамга чақира бошлаган вақтида Камола А. ўз турмуш ўртоғининг юз қисмига ёстиқ билан босиб, унинг нафас йўлларини беркитиб, Аббос А.ни қасддан ўлдирган.
Сўнгра, Отабек Х. хонадонда бўлган марҳум Аббос А.га тегишли 2 та телефон, 500 доллар ва 110.000 сўм пулларини ҳамда жиноят изларини яшириш мақсадида шериги Камола А.га тегишли 1 дона телефон ва тилла тақинчоқларини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган.
Камола А. эса жинояти фош этилишини олдини олиш ва жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида шу кеча унга ва турмуш ўртоғига нисбатан номаълум шахслар томонидан босқинчилик содир этилганлигини айтиб, марҳумнинг ота-онасини ўйғотган.
Тергов давомида Отабек Х.нинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув давомида Аббос А.нинг уйидан олиб кетилган тилла буюмлар ертўлага яшириб қўйилганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Иш бўйича Отабек Х. ва Камола А.лар жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “п” банди билан айблов эълон қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган.