ТОШКЕНТ, 10 окт – Sputnik. Ушбу йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда халқаро пул ўтказмалари умумий ҳажми - 5,2 миллиард долларга етди. Шундан 4,5 млрд. $ - жисмоний шахслардан Ўзбекистонга келиб тушган пуллар ва 0,8 млрд $ – хорижга юборилган пуллар, деб хабар қилмоқда Марказий банк.
“Халқаро пул ўтказмалари орқали республикамизга кириб келган валюта маблағлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18% га ошди”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январь-сентябрь ойида Ўзбекистонда юборилган валюта миқдори 3,8 мрлд. Долларни ташкил қилган эди.
Шунингдек, Марказий банк Ўзбекистон ички валюта бозори 2019 йилнинг 9 ойида 1,3 баравар ўсганини хабар қилди.
“2019 йилнинг 9 ойи давомида ички валюта бозорида юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган валюта олди-сотди операцияларининг жами айланма ҳажми 24,3 мрлд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга (18,3 мрлд. долл.) нисбатан 1,3 баробарга ошди”, - дейилган хабарда.
Банк хабарида айтилишига кўра, ички бозорда валютага бўлган талаб (7,7 млд) таклифдан (4,8 млрд) кўра кўпроқ бўлгани туфайли Марказий банк томонидан қўшимча валюта интервенциялари бўлиб турган.