Кинорежиссёр Рашид Маликов ўзбекистонлик томошабинлар ихтиёрига қайси фильмлар қайтарилиши керагу, улар қандай қилиб Москвада пайдо бўлиб қолганлиги ҳақида Sputnik Ўзбекистонга сўзлаб берди.
Совет иттифоқи даврида барча киностудиялар учун “Госкино” томонидан тасдиқланган ягона тизим мавжуд эди. Регламентга кўра, ҳар бир бадиий фильм нусхаси “Госфильмофонд” архивига юбориларди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, янги картиналарни киноархивларга юборишга ҳожат қолмади. Илгари юборилган фильмларнинг нусхалари эса у ё бу сабабларга кўра йўқолган эди. Шу билан, Ўзбекистон бутун бошли маданий қатламидан айрилди қолди.
Булар Интернет пайдо бўлгунига қадар содир бўлгани учун, аксарият фильмлар виртуал нусхага эга эмас. Аммо бу ижодий меросни қайтадан тиклаш мумкин, албатта. Бунинг учун Россиянинг “Госфильмофонд” архивидаги қолган ўзбек фильмларини оцифровка қилиш талаб қилинади.
“Ўзбеккино” миллий агентлигининг халқаро бўлим бошлиғи Умид Зунунов сўзларига қараганда, ватанига қайтарилишини кутиб турган 300 та бадиий фильмдан таркиб топган рўйхат ишлаб чиқилган.
Рашид Маликов албатта қайта тикланиши зарур бўлган ўзбек киноси дурдона асарлари рўйхатини агентлигимиз учун махсус шакллантириб берди. Бу каталогда, табиийки, коммунистик мафкурани мадҳ этган фильмлар йўқ.
Қуйида келтирилган картиналарнинг айримлари жаҳон экранларида намойиш қилинган, бошқаси цензура таъсирида, қайта-қайта “тўғирланишлар” билан кўримсиз аҳволга келтирилган, учинчилари эса ўта чекланган форматда прокатга чиққан эди.
“Орзу оғушида”(Объятие мечты): илк муҳаббат мўъжизалари
Режиссёр Фирдавс Зайнутдиновнинг бу фильми 1986 йил ёзувчи Ойбек (Мусо Тошмуҳамедов) романи асосида расмга туширилган. Кинотасма, ўз даврида, XIX Бутуниттифоқ кинофестивалида “Энг яхши тасвирий ва нафис ечим” соврини ҳамда Осиё, Африка ва Лотин Америка мамлакатларининг IX Халқаро кинофестивалида “Энг яхши экранизация” мукофотига сазовор бўлганди.
“Орзу оғушида”(Объятие мечты)” - бу ноёб фильм”, - дейди режиссер Р.Маликов. – Унда ўзбек киносаноати учун ҳаёратомуз экспериментлар қўйилган, дейиш мумкин. Раҳматли Фирдавс Зайнутдинов ниҳоятда камтар инсон эди, шунинг учун ҳам у фильмини уначалик ҳам илгари суришга интилмади. Фильм мўжизали илк муҳаббат тўғрисида бўлиб, у чуқур лирик ҳиссиёт билан расмга туширилган”.
“Сиз кимсиз?”: беъманилик комедияси
Бу кинотасма 1989 йил таниқли режиссёр ва келгусида йирик россиялик кинопродюссерига айланган Джаник Файзиев томонидан яратилган. Фильм ўша йилдаёқ Киевда бўлиб ўтган “Дебют” кинофестивалида “Жанрдаги изланишда жасорат учун” совринини ва бир йил сўнгра - 1990 йил ҳудди шу фестивалда бош мукофотни қўлга киритган эди.
“Сиз кимсиз?” – ҳажвий ва танқидий фильм бўлиб, у ўз даври учун ноодатий шаклда тасвирга олинганди. Ўзбек киноматографияси учун бу мисли инқилоб эди.
Интернетдаги кинематографик сайтларида “Сиз кимсиз?” фильми беъманилик комедияси сифатида қайд этилади. Бу тасма тўғрисида кўп ҳикоя қилинадию, аммо уни аслида камчилик томоша қилган.
“Триптих”: Сан-Ремо кинофестивали ғолиби
1979 йилда режиссёр Али Ҳамроев тасвирга туширган бу картинада урушдан кейинги қишлоқ шароитида умр йўлдошлари қайтиб келмаган аёллар турмуш тарзи тўғрисида ҳикоя қилинади. “Триптих” фильми Сан-Ремода авторлик фильмлари фестивалида Гран-прини қўлга киритганди.
“Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, бу ўзбек кинофильмларининг шоҳ асарларидандир. Кишини тамоман ҳайратда қолдирадиган ҳикоя”, - дейди Рашид Маликов.
“Бархан”: чўлдаги тортишма
Санжар Бабаев қаламига мансуб ушбу кинотасма “Госфильмофонд”нинг 1989 йилги каталогида ўрин топган. Гарчи фильм фестивалларда мукофотларни қўлга киритмаган бўлса-да, у деярли барча қолган тасмалар орасида энг донг таратганлардандир. Бундай бўлганини сабаби, балки фильм авторлик эмас, турмуш манзараларини акс эттирган криминал драма бўлгани учундир, дейди суҳбатдош.
“Бархан”- эр ва хотин дам олишга чўл орқали туширилган йўлдан кетаётганларида автомобиль бузулиб қолиши орқасидан ўзаро алоқаларни очиқлашга тушиши ва бунинг натижаси тўғрисидаги умуминсоний ҳикоя.
“Клиника”: унутилган дебют
Ҳақсиз унутилган фильмлар қаторида, суҳбатдошимиз Рашид Маликовнинг ўзини кинофильмини ҳам қайд этиш жоиз.
1989 йил тасвирга олинган “Клиника” номли Маликовнинг режиссёрлик дебюти, ўз даврида Ленин комсомоли мукофотига сазовор бўлганди.
Унда шифохонадаги суистеъмолликларни фош қилаётган, ҳақиқат учун курашган бир шифокор ҳикояси акс этган. Кинотасма ўзбек телеэкранларида намойиш қилинса ҳам, унинг расмий оцифровкага эҳтиёжи бор, албатта