ТОШКЕНТ, 1 окт – Sputnik. Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида “Тез ёрдам” шифокорларига тажовуз қилганларга нисбатан қонуний чора кўрилади.
ИИББ хабарига кўра, беморнинг қариндошлари шифокорларни дўппослаган сўнг воқеа жойига Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман прокуратураси терговчиси ва тергов тезкор гуруҳи етиб келган.
Тергов тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, шу куннинг ўзида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
“Республика суд тиббиёт экспертизаси илмий амалий маркази Тошкент шаҳар филиали Яшнобод туман пункти танаталогия бўлимининг 26 сентябрь кунидаги хулосасига кўра, ўткир нафас ва юрак қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпкалар шиши ҳамда номаълум этиологияли заҳарланиш А.А.нинг ўлимига сабаб бўлганлиги кўрсатилган”, -дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Тошкент шаҳар Яшнобод туман прокуратураси томонидан кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яшнаобод туманида беморнинг уч нафар қариндоши шифокорларни аёвсиз дўппослагани хабар қилинган эди. “Тез ёрдам” шифокорлари бемор А.А.ни кўрикдан ўтказганида у вафот этгани маълум бўлади. Бироқ, беморнинг яқинлари шифокорлардан беморга укол қилиш, реанимация ёрдами кўрсатишни талаб қилашади. Шифокорлар уларга бу фойдасиз эканини тушунтиришига қарамасдан, беморнинг яқинлари тиббиёт ходимларига таҳдид қилишда давом этади. Натижа икки шифокор дўппосланиб, оғир аҳволда шифохонага тушади.