ТОШКЕНТ, 1 окт - Sputnik. Forbes журнали таҳлилларига кўра, Amazon асосчиси Джефф Безос кетма-кет иккинчи йил АҚШнинг энг бой 400 талиги қаторидан жой эгаллаган. Бунга унинг турмуш ўртоғи Маккензи билан ажрими ҳам ғов бўлганича йўқ.
АҚШнинг 400 та энг бой бизнесменлари рейтинги Forbes томонидан шакллантирилди, у эртага - 2 октябрь куни тўлалигича эълон қилинади. Унда биринчи ўринни, илгаригидек, Amazon асосчиси Джефф Безос сақлаб қолганлиги маълум бўлди. Ҳозирда Безоснинг мол-дунёси қарийб 114 миллиард АҚШ долларни ташкил этади.
Рейтингни тузишда, ишбилармонларнинг умумий молиявий ҳолати ҳамда “ўзини ўзи шакллантирганлик” (self-made) омили ҳисобга олинади. Бунда журнал таҳририяти, рейтинг иштирокчисининг маблағини қанча қисмини мерос сифатида олгани, унинг ота-онаси қанчалик бадавлат бўлгани, “даъвогар”нинг ҳаёти давомида қандай қийинчиликларга дуч келгани кабиларни асос қилиб олади. Ўтган йилдан, Forbes, шу жумладан, “инсонпарварлик даражаси”ни ҳам ўлчовлари қаторига киритди. Яъни бунда, бизнесменнинг хайр-эҳсонга ажратган маблағлари ҳажми ўрганилади. Шу ўринда, Amazon 19 сентябрь куни компания иқлим ўзгаришлари билан курашишда янгича ёндашувини эълон қилганди. Компания 2040 йилга қадар атмосферага углерод чиқарилишини қисқартириб, “углеродларга нейтрал” (carbon-neutral) корхонага айланишни режа қилмоқда.
Безос АҚШдаги ажримлар тарихида энг қиммат ажримни бошидан кечирган бўлса-да, у рейтингда биринчиликни ҳанузгача йўқотгани йўқ. Унинг собиқ турмуш ўртоғи Маккензи Amazonнинг 19,7 млн. акциясини (тахминан 4%) қўлга киритди. Бизнесменнинг ўзида 12% қимматли қоғоз қолган. Июль ҳисоб-китобларига қараганда (расмий ажрим содир бўлган пайт), Amazonнинг 4% акцияси $ 38,3 млрд.га тенг эди.
2019 йил мартида Forbes эълон қилган “Дунёнинг энг бой бизнесменлари” рейтингида ҳам Безос биринчи ўринни эгаллаган эди. Унинг бойлиги 131 млрд. АҚШ долларига баҳоланганди.