ТОШКЕНТ, 1 окт - Sputnik. Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича Жаҳон чемпионати олтин медал совриндори Баҳодир Жалоловга президент совғаси топширилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, унинг чемпионатда эришган ғалабаси, спортдаги ютуқлари эътироф этилиб, Тошкент шаҳри Қори Ниёзий кўчасида жойлашган уй-жойлардан бири Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан тантанали равишда топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Екатеринбургда бўлиб ўтган ЖЧда олтин медални қўлга киритган Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзаҳалилов ва Баҳодир Жалоловларга "Трекер" автомобили, кумуш ва бронза медали соҳиблари Дилшодбек Рўзметов ва Бобоусмон Батуровларга "Жентра" автомобиллари калити топширилгани хабар қилинган эди.
9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медал билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.