ТОШКЕНТ, 1 окт – Sputnik. Андижондаги Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academy номли нодавлат таълим муассасасида 30 сентябрь куни 83 нафар ўқувчи ва ўқитувчилар овқатдан заҳарланди деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Хабарда айтилишига кўра, 30 сентябр куни 75 нафари ўқувчилар ва 7 нафар ўқитувчи овқатдан заҳарланган. Шу кун мактабга жами 217 нафар ўқувчи келган.
Шу кун соат 19:00ларда заҳарланган ўқувчиларнинг 49 нафари ҳамда 4 нафар ўқитувчи вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган. Шунингдек 14 нафар ўқувчи ва 3 нафар ўқитувчи Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига ва яна 12 нафар ўқувчи вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб келинган.
Айни дамда заҳарланган ўқувчи ва ўқитувчилар шифокорлар назорати остида. Уларнинг соғлиғи яхшиланмоқда.
Андижондаги Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academy мактаби 2018 йилнинг июль ойида очилган эди. Мактаб асосчиси Ҳайдарова Нилуфар Анваровна, тажрибали педагог, Тошкентдаги "Lily Education" мактабининг асосчиси. Мактабда 1синфдан 5 синфгача ўқувчиларга инглиз, рус тиллари ва математика чуқур ўргатилади.