ТОШКЕНТ, 27 сен - Sputnik. Тошкент шаҳрининг Яшнаобод туманида беморнинг уч нафар қариндоши шифокорларни дўппослади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида қайд этилишича, 25 сентябрь куни соат 22.01 да Тошкент шаҳар “Тез ёрдам” станцияси “Call-маркази”га Яшнобод тумани Боткина кўчаси 4- уй, 38-хонадонда яшайдиган А.Анинг аҳволи оғирлашгани ҳақида қўшниси хабар беради. Бу маълумот зудлик билан Яшнобод тумани 3-подстанциясига етказилади ва “Тез ёрдам” бригадаси соат 22.18 да айтилган манзилга етиб боради.
Врач Қ.С. ва фельдшер М.О. бемор А.А.ни кўрикдан ўтказганида у вафот этгани маълум бўлади. Бироқ, беморнинг яқинлари шифокорлардан беморга укол қилиш, реанимация ёрдами кўрсатишни талаб қилади. Шифокорлар уларга бу фойдасиз эканини тушунтиришига қарамасдан, беморнинг яқинлари тиббиёт ходимларига таҳдид қилишда давом этади. Шунда фельдшер М.О. уйнинг йўлагига қочиб чиқади. Беморнинг яқинларидан уч киши унинг ортидан қувиб, йўлакда уни калтаклайди.
Натижада М.О. жиддий тан жароҳати олиб, йўловчи машинада Тошкент тиббиёт академияси клиникасига боради. У ерда фельдшерга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, олган тан жароҳати оғир бўлгани учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига юборилади.
“Беморга бош мия ёпиқ жароҳати, юз-жағ жароҳати, кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, буйрак жароҳати ташхиси қўйилган. Шифокор Қ.С. ҳам жиддий тан жароҳати олгани боис, айни пайтда даволанмоқда”, - дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, ССВ шифокорларнинг саломатлигини қатъий назоратга олган. Ҳозирда мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш мақсадида Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат йўлланган.