ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки кеча эълон қилинган, Ўзбекистон умумий ташқи қарзийил бошига нисбатан 20%га ўсиши ҳолатига изоҳ берди.
2019 йилнинг 1 июль ҳолатига Ўзбекистон ташқи қарзи 20,7 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 3,4 миллиардга кўп ва Ўзбекистон ЯИМнинг 37%дан кўпини ташкил қилади.
Қайд этиш жоизки Ўзбекистон ташқи қарзи 2012 йилдан буён мунтазам равишда ошиб келмоқда. Ушбу муносабат билан Марказий банк ташқи қарз ўсиши сабабларини тушунтириб берди.
2019 йилда ташқи қарз ўсишининг сабаби – давлат ва хусусий сектор томонидан олинаётган банк кредитлари ва инвестициялар миқдори ошиши, ушбу тенденция йил охирига қадар сақланиб қолади, - дейилган МБ изоҳида.
Ушбу кредитлар биринчи навбатда иқтисоднинг турли соҳаларида белгиланган давлат дастурларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда.
Ташқи қарзнинг асосий қисми давлат секторига тўғри келади – 13,1 миллиард АҚШ доллари. Ундан 1 миллиарди – евробондлар. Давлат қарзи, шунингдек, нефт ва газ ҳамда энергетика соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган кредит ва инвестициялардан иборат.
Хусусий сектор улушига— 7,2 млрд АҚШ доллари тўғри келади. Ўтган давр мобайнида у 330 млн долларга ўсган.
Мутахассилар фикрига кўра, иқтисодий ривожланаётган давлатларда ташқи қарзи миқдори катта бўлиши бу – одатий ҳолат. Уларнинг Ўзбекистондан фақат битта фарқи бор – ташқи қарз таркибида хусусий сектор улуши давлат улушига нисбатан бир неча баробар кўп бўлади.
Масалан, 2019 январ ойи ҳолатига АҚШ ташқи қарзи миқдори 22 триллион доллардан ортиқ бўлган. Европа Иттифоқи ташқи қарзи миқдори – 17, Японияники – 11, Британияники -8, Германияники – 4 триллион доллар. МДҲ мамлакатлари орасида ташқи қарз Грузияда – 14, Белоруссияда – 39, Украинада -78, Қозоғистонда – 161 ва Россияда – 453 млрд. $ни ташкил этади.