ТОШКЕНТ, 26 сент - Sputnik. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ижроия кенгаши 5 йил муддатга Кристалина Георгиевани ХВЖ бошқарувчи директори ҳамда Ижроия кенгаши раиси этиб тайинлади. У ўз фаолиятини 2019 йил 1 октябрдан бошлайди.
Тайинланган Кристалина Георгиева ХВЖ ташкил этилган пайтдан бошлаб, тарихда биринчи марта ривожланаётган давлатлардан бирининг вакилидир.
Бошқарувчи директор ХВЖ офисининг раҳбари ва Ижроия кенгашининг раиси ҳисобланади. Ташкилотни бошқаришда тўрт нафар ўринбосар Бошқарувчи директорга ёрдам беради. ХВЖ ходимлари сони 2700 нафар кишини ташкил қилади.
Болгария фуқароси бўлмиш Георгиева 2017 йил январ ойидан бошлаб Жаҳон банкининг Бош ижрочи директори лавозмида ишлаган. 2019 йилнинг 1 февралидан 8 апрелига қадар у Жаҳон банки гуруҳининг вақтинчалик президенти лавозимида фаолият юритган. 2010 йилдан бошлаб у Европа Комиссиясида халқаро ҳамкорлик, гуманитар ёрдам ва инқирозларга қарши курашиш масалалари бўйича комиссар сифатида, ундан кейин эса бюджет ва кадрлар масалалари бўйича вице-президент лавозимларида ишлаган.
Георгиева иқтисод фанлари доктори ҳамда сиёсий иқтисод ва социология магистирлик даражасини Болгария миллий ва жаҳон иқтисодиёти университетида кўлга киритди, ҳамда у ерда 1977-1991 йиллар давомида дарс берди.