ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкент шаҳар Олмазор тумани раҳбари Бахтиёр Раҳмонов офисда ўтиришга у қадар ишқибоз эмаслигини унинг мени ўз кабинетига эмас, туман маҳалласидаги ҳовлиларнинг бирига таклиф қилганидан англадим. Озиқ-овқат дўкони ва тизилишиб нон сотиб турган аёллар қаторидан ўтгач, ҳокимнинг "иш жойига" ўтамиз - кўп қаватли бино олдида турган бир столу икки стул ёнига. Юзимдан ажабланганлигимни пайқаган маъмурият бошлиғи матбуот котиби вазиятга аниқлик киритгандек бўлди: ҳокимият ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилаётгани ва маъмурий бино қурилиши битмагани туфайли, вақтинча "тоза ҳавода" ишлашга тўғри келмоқда.
Табиийки, ҳоким ва унинг қўл остидагиларга жой ажратилган - туман коллежларининг бирида, лекин Бахтиёр Раҳмонов у ерда ҳам деярли бўлмайди. Фаолиятининг хусусиятига кўра, унинг кабинетда узоқ ўтириб қолишга ҳожат қолмайди.
"Сайловларда эскирган нарсалардан фақат қутичалар бўлади"
Туман раҳбари узоқ ва беҳуда суҳбатларни хуш кўрмайдиган ишбилармон одам. Танишишимиз биланоқ, мажлисни бошлаб юборди. Туман фаолиятига бевосита алоқадор барча хизматлар вакиллари ўз ҳисоботлари билан чиқиш қилдилар.
Бахтиёр Раҳмоновга маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари, болалар боғчаларида ва мактабларда таъмирлаш ишлари қай йўсинда олиб борилаётгани юзасидан ҳисобот берилди. Хўжалик-маиший масалалардан ташқари ҳоким туман ҳудудидаги 106 та сайлов участкаларининг тайёрлик ҳолати борасида маълумот олди. Ажабланарли жойи йўқ, албатта, яқинда парламент сайловлари, ва бунда ҳокимни нафақат маъмурий масалалар, балки техник ҳолатлар - электр токидан тортиб, Интернет билан таъминланганлик масалалари-да қизиқтирарди.
Раҳмоновнинг таъкидлашича, депутатликка номзодларни синчковлик билан танлаб олиш зарур.
"Агар бўлажак парламент аъзоси президент ислоҳотларини тадбиқ этишга тайёр бўлмаса, бундай депутат бизга керак эмас. Ёдингизда бўлсин: бундан буён, фақат сайлов қутилари эски ҳолатда қолиши мумкин. Қолгани, ва ҳатто сайловни ташкиллаштиришга бўлган ёндашув фақат ва фақат янги бўлади", — дея қайд этди ҳоким.
"Она юртнинг бағридан зуволаси": ўзбек чинниси довруғининг қайта тикланиши
Мажлисдан сўнг объектларни айлангани йўлга тушдик. Навбатда биринчи бўлиб Тошкент чинни заводи. Унинг харобалардан қайта тикланиб, фаолияти шу йил октябридаёқ бошланиши кутилмоқда.
Ўзбек оилаларида чиройли одат бор – ҳурмат юзасидан меҳмонларга нақшли чинни идишлардан дастурхон тузатиш. Маҳаллий чинни анъанавий гуллар ва нақшлар билан қопланган бўлиб, у ора-сирада рус гжели (рус халқ ҳунармандчилигидаги нақш)ни ёдга солади. Агар пиёла, лаган, гулдон ёки чойнакни тўнтарсак, унинг тубида Анко силуэтини (форсчадан "афсонавий қуш") кўрамиз. Бу тамғани ўз маҳсулотлари учун Тошкент чинни заводи қўллаб келган. Завод довруғи собиқ иттифоқ давриданоқ Ўзбекистон ҳудудидан анча узоқларга ёйилган эди.
XIX-XX асрлар оралиғида, шарқий услубда нақш урилган чинни маҳсулотлари Гарднер ва Дулевский фабрикалари, Храпуновлар, Корниловлар, Батенинлар мануфактуралари томонидан ишлаб чиқиларди. 1953 йилда Тошкентда завод ишга туширилади. Маҳаллий мутахассисларни ўқитиш учун Россия ва Беларусдан етакчи усталар ташриф буюради. Ўзбек чинниси доимо ўзига хос, такрорланмас услубга эга ва собиқ иттифоқда ҳамиша машҳур бўлган.
1991 йилда корхона хусусийлаштирилади, сўнгра норентабеллиги туфайли фаолияти тамомила тугатилади. Эндиликда эса, афсонавий завод ўзининг иккинчи туғилган кунини - 1 октябрда ўтказишни режалаштирмоқда. 350дан ортиқ усталарнинг йилига 30 миллион донадан ортиқ маҳсулотларни маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқиши кутилмоқда. Режа бўйича идиш учун оқ чинни гили - каолин - Сурҳондарё вилоятидан келтирилади.
Цехларда пардоз-андоз, созлаш ишлари ниҳоясига етмоқда, корхонага кираверишингиз билан салобатли чинни сервизига кўзингиз тушади. Зуволаси она юрт бағридан бўлган чинни пиёла анъаналари қайта тикланмоқда.
Ислоҳотлар замирида
Олмазор тумани — Тошкентда ҳудуди бўйича энг йириги ҳисобланиб, унда уч юз мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 1970 йилдан туман генерал Собир Раҳимов номи билан маълум бўлиб, 2010 йилдан ҳозирги номини олган.
Эътиборга лойиқ тарафи, аксарият замонавий ташаббуслар, даставвал, айнан шу туманда "тажрибадан ўтказилади". Ҳудудда илк бор "Олмазор Сити" савдо маркази барпо этилди. Қолаверса, айнан Олмазор туманида президентнинг "Беш ташаббуси" тадбиқ этилиши бошланди. Хусусан, туманнинг 18та маҳалласида янги кутубхоналар барпо этилмоқда, инфратузулма ривожлантирилмоқда, кўча йўл тармоқлари кенгайтирилмоқда. Ҳар бир маҳаллада спорт ва ўйин майдончалари мавжуд, ҳатто девору тўсиқлар илғор стандартлар асосида барпо этилмоқда. Шу билан бирга туманнинг ўзига хос "кашфиётчи" ёҳуд "пионер" статуси унинг раҳбариятига икки баравар масъулиятни юклайди, албатта. Демакки, ҳам ҳоким ва ҳам унга бўйсунувчи шахслар эпчилликни сусайтирмай, ишларида жўшқинлик билан давом этишлари талаб этилади. Қолаверса, давлат раҳбарининг шаҳар туманларига ҳам мунтазам ташриф буюриши буни талаб этади.
Янги уйлар ва рецидивист тўйи
Бахтиёр Раҳмонов бир йилдан ортиқроқ муддат давомида туман ҳокими сифатида фаолият юритмоқда. Ўзининг эътироф этишича, аввалига маҳаллий аҳоли билан умумий тил топишда бир оз мураккабликлар бўлди. "Бошида ҳатто саломлашмасдилар ҳам", — дея, эслайди у.
Ҳамма ўзгаришлар 2018 йилдан - Олмозор тумани Иброҳим ота маҳалласи энг ашаддий жиноят кўп содир этилувчи "қаровсиз" мавзедан замонавий ва хавфсиз, яшаш учун қулай ҳудудга айланганидан сўнг бошланди. Бу ерда еттита кўпхонадонли уйлар барпо этилди, бутун ҳудуд ободонлаштирилди ва жиноятчилик деярли йўққа чиқарилди.
Шу билан бирга, уй-жой таъминоти масаласи туманнинг ягона муаммоси эмас, гарчи у ўта оғир ва жиддий бўлса-да. Туманда моддий ёрдамга муҳтож анчагина оила бор. Асосий эътибор ёшларга қаратилган. Туман маъмурияти юзлаб тўйларнинг ўтказилишида бевосита қатнашди, ёш оилаларга шаҳар маъмуриятидан совға тариқасида мебель тақдим этилди. Ҳоким қайд этганидек, кўплаб жуфтлар айнан молиявий сабаблар туфайли оила қура олмаяпти.
"Айнан шундайларга ёрдам кўрсатилди, уларнинг тўйи ўтказилди. Мусиқа янгради, дастурхон ёзилди, ҳаммаси бекаму-кўст, исрофгарчиликсиз ўтди", — дейди Раҳмонов.
Ҳоким туманда ўтказилган бир рецидивистнинг тўйи ҳақида ҳам эслаб ўтди.
"Бу инсон бутун умр ўғрилик билан шуғулланиб келган, умрининг анча қисмини қамоқда ўтказди. Президент бизга шундай одамлар билан ҳам ишланглар, бирортаси эътибордан қолмасин, деганларида, уларни йиғиб, кимнинг қўлидан нима иш келишини ўрганишга ҳаракат қилдик. Биридан "Нима иш қилишни биласан?", деб сўрасам, "Ҳеч нарса", деб жавоб қайтарди. "Нега уйланмайсан?", дедим тағин. У менга қараб: "Ким ўтказиб беради тўйимни? Сизми?", деди. "Нега бўлмасин", дегандек жавоб бергандим ўша пайт, дея эслайди туман ҳокими.
Раҳмоновнинг айтишича, шу билан бу одам оилали бўлиб, иш топиб, янги ҳаётни бошлаб юборган.
"Иш бўлса — ҳамма нарса бўлади"
Олмазор туманининг деярли учдан бир қисми - 56тадан 18таси - президентнинг бешта муҳим ташаббусининг амалга оширилишига ва иккита маҳалла "Обод маҳалла" ободонлаштириш дастурига жалб этилган. Айнан шунинг учун ҳам, бугунда туман катта қурилиш майдонини эслатади: кўп қаватли эскирган уйлар қайта таъмирланмоқда, йўллар кенгайтирилмоқда, болалар учун янги ўйингоҳлар ўрнатилмоқда.
Ҳоким тинимсиз телефон қўнғироқларига жавоб бераркан, ҳовлиларнинг биридаги она билан қизнинг олдига бордим. "Тумандаги ўзгаришларга қандай қарайсиз?", деб сўрадим.
"Маҳалламизни таниб бўлмайди. Асосийси, ҳамма нарса яқин. Болалар билан узоққа боришнинг ҳожати йўқ, боғча дейсизми, мактабми - ҳаммаси ёнимизда", — дейди аёл. Ёнидаги 7 ёшлардаги қизчаси ўйингоҳга кўрсатиб: "Болалар ҳеч нарсани синдиришмаса бўлди", дейди.
Янги объектлар ҳам қурилмоқда. Олмазор Сити, чинни заводидан ташқари, бу йил Абдулла Қодирий номидаги мактаб очилиши ҳам режалаштирилган. 2020 йилда Ғалаба истироҳат боғи илк ташриф буюрувчиларни қабул қилиши кутилмоқда. Айнан шу туман ҳудудида жой топган Ислом цивилизацияси маркази каби республика миқёси ва аҳамиятидаги объектлар ўз эшикларини очади.
Баҳайбат режаларимиз бор, дея тан олади ҳоким.
"Бизга янги уйлар, яхши йўллар ва энг асосийси - янги иш ўринлари керак. Ҳозирда эски заводларни қайта таъмирлаяпмиз, янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйяпмиз, тадбиркорларни қўллашда давом этяпмиз. Иш бўлса - бюджетимизда солиқ киримлари кўпаяди, демакки, инфратузулмамизни ривожлантириш, ҳамда бугунда шаҳардаги энг кўркам боғча ва мактабларимизни таъмирлаш учун маблағимиз бўлади", – дейди ғурур билан Бахтиёр Раҳмонов.
Суҳбатимиз телефон жаранги билан кесилди: туман раҳбари президентнинг селектор мажлисига чақирилди. Ҳокимнинг вазифа ва режалари яна ҳам ошадиганга ўхшайди.