ТОШКЕНТ, 21 сен - Sputnik. Шарқий ҳарбий округга қарашли "Ғурумсарой" дала-ўқув майдонида ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар иштирокида "Марказ – 2019" доирасида ўтказилган қўмондонлик-штаб стратегик ўқувлари муваффақиятли якунланди, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
Ўқув машғулотлари шартли жангарилар тўдасини бартараф этиш сценарийси икки эпизодли кўриниш остида ўтказилди: дастлаб икки давлат ҳарбийларидан иборат махсус гуруҳ террорчилар томонидан эгаллаб олинган шартли ҳудудни тозалаш ва у ердаги гаровга олинган тинч аҳоли вакилларини озод этиш операциясини бажаришди. Махсус тоғ-тайёргарлик, мерганлар ва вертолёт ёрдамида етиб келган ишғол гуруҳлари зирҳли машиналарда ҳаракатланган гуруҳни қўллаб-қувватлаб турди. Гуруҳларнинг ўзаро уюшқоқлик билан ҳаракат қилиши натижасида шартли аҳоли яшаш худуди жангарилардан бутунлай тозаланиб, гаровга олинганлар озод этилди.
Машғулот режасига асосан, иккинчи кўринишда ноқонуний қуролланган шартли жангарилар гуруҳи Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида ҳаракатланаётгани ҳақида разведка маълумотлари олинди. Шартли душманнинг қайси давлат ҳудудида эканлиги ноаниқлиги сабаб, икки давлат ҳарбийлари чегара ҳудудида бир вақтда разведка-қидирув ишларини бошлаган ҳолда ҳаракатланди. Махсус-тактик операция давомида икки давлат бўлинмалари ҳарбий авиация, енгил зирҳланган машиналар ва артиллерия қўшинлари кўмагида жангарилар тўдасига қарши пухта ишлаб чиқилган режа асосида, қўққисдан кенг кўламли зарбалар беришди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг биргаликда махсус-тактик амалиётларни олиб бориши, террористик хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имкониятини берди, дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида ташкиллаштирилган "Марказ – 2019" қўмондонлик-штаб стратегик ўқувлари муваффақиятли якунланди ва иштирокчилар "Ғурумсарой" дала майдонига саф тортишди. Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида Мудофаа вазирлиги масъул офицери полковник Шавкат Мамажонов, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳром Нурматов, вилоят ёшлари, фахрийлар ва Тожикистон Республикаси қуриқликдаги қўшинлар қўмондонининг биринчи ўринбосари генерал-майор Ихтиёр Охунзода Неъматулло сўзга чиқишди.