ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Тошкентда дарахтларни ноқонуний кесган шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
ИИББ хабарига кўра, интернет тармоғида Тошкентнинг бир нечта туманларида дарахтлар арраланаётганлиги тўғрисидаги хабар тарқалгандан сўнг Тошкент шаҳар ҳокими томонидан зудлик билан чоралар кўрилган.
Мутасаддилар текширув ўтказиб, натижада маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённомалар тузган.
Текширув давомида аниқланишича, Мирзо-Улуғбек тумани Яланғоч массивида қурилаётган бино раҳбари Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармасига мурожаат қилмаган ва дарахтларни кесишга рухсат олмаган.
Ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 161-моддаси (“Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш”) бўйича баённома расмийлаштирилди.