ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Москва шаҳридаги киноматографчилар уйида 1—5 октябрь кунлари “Ўзбек киноси кунлари” ўтказилади. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги хабар қилди.
Тадбир Россия маданият вазирлиги, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, “Ўзбеккино”, “Фестсинема” ва “Дом кино” томонидан ташкиллаштирилмоқда. Фильмлар намойишига кириш бепул бўлади.
“Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро алоқалар анча йиллар олдин бошланган. Бугунги кунга келиб, икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ва дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Барча соҳаларда, айниқса, маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлигимиз изчил ривожланмоқда”, - дейилади хабарда.
Ҳафталик давомида 14 та ўзбек фильми, жумладан, 4 та ҳужжатли фильм намойиш қилинади. Шунингдек, "Киношок” фестивалида бош соврин – “Олтин новда”га сазовор бўлган “Иссиқ нон” фильми ҳам намойиш этилади.