ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Ўзбекистонда давлат органлари ёппасига Linux операцион тизимига ўтади. Бу ҳақида “Техник кўмаклашиш маркази” ДУП расман эълон қилди. Uznews хабарига асосан.
Хабарда айтилишига кўра, ушбу қарорни қабул қилишга Linux тизимининг хавфсизлиги ва унинг бепуллиги сабаб бўлган.
Марказ хабарига кўра, айни дамда Linuxнинг энг сўнгги версияси “CentOS Linux 7” – операцион тизими барча синовлардан ўтиб ДУП сертификатини олган. Ушбу тизим давлат органлари фаолиятига қўйилаётган ахборот хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради.
Иккинчидан, Linux операцион тизими ишлаб чиқарувчилар томонидан бепул тарқатилаётгани сабабли – у Ўзбекистон давлат бюджети учун йилига 100 миллион АҚШ долларига миқдорда валюта тежаши мумкин.
Учинчидан, Linux операцион тизимидан фойдаланиш халқаро ва маҳаллий қонунларда белгиланган интеллектуал мулк нормаларини бузишини ва бунинг учун жавобгарликка тортилишни олдини олади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 4024-сонли қарорига асосан давлат ташкилотларида лицензияланмаган компьютер дастурларидан фойдаланиш қатъийян таъқиқланади. Ушбу таъқиқни бузган ташкилот раҳбарлари жавобгарликка тортилиши мумкин.