ТОШКЕНТ, 18 сен – Sputnik. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов Sputnik Ўзбекистон мухбирининг Ўзбекистон ва Россия ўртасида миграция афви масаласи ҳал қилинмоқдами, деган саволига жавоб берди.
Эркин Муҳитдиновнинг маълум қилишича, ушбу йўналишда биргаликдаги алоҳида ишчи комиссияси иш олиб бормоқда. Ишчи гуруҳга икки давлат меҳнат вазирлари раҳбарлик қилмоқда.
“Бу масалани ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён кўтариб келмоқдамиз. Ишчи комиссиянинг икки йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳар бир йиғилишда миграция амнистияси масаласини кўтарамиз. Ҳозирча россиялик ҳамкасбларимиз бу масала юзасидан жавоб беришмади. Улар буни кўриб чиқишмоқда. Барчаси Россия ИИВ назоратида. Жорий йилнинг ноябрь ойида Бухоро шаҳрида ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Биз бу масалани биринчилардан бўлиб кўтарамиз,” – деди Эркин Муҳитдинов
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин Ўзбекистон Олий мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева билан ўзбекистонлик мигрантлар масаласини муҳокама қилгани хабар қилинган эди.