ТОШКЕНТ, 18 сен - Sputnik. Жорий йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистонга турли сабабларга кўра чет давлатларда вафот этган 150 нафар фуқароларнинг жасадлари қайтарилган. Бу ҳақда бугун Халқаро Пресс Клубнинг ташқи миграция масалаларига бағишланган сессиясида Ташқи миграция агентлиги директори ўринбосари Бахтиёр Турсунов маълум қилди. Sputnik Ўзбекистон мухбири хабари асосида.
"Ҳар-хил сабабларга кўра, Россия Федерацияси, Япония, Жанубий Корея, Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжон Республикасида вафот этган 150 нафар фуқароларимизнинг жасадлари ватанга қайтарилди", - деди Турсунов.
Бундан ташқари, Ташқи меҳнат миграциянинг чет элдаги ваколатхоналари томонидан Ўзбекистон фуқароларига иш берувчи томонидан тўланмаган ойлик маошларини қайтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, 9 ой давомида 354 минг АҚШ доллари атрофида тўланмаган маошлар тўлаб берилишига эришилган.
Шунингдек, Россия Федерацияси қонунларини бузганлиги учун РФ ички ишлар органлари вақтинчалик сақлаш хоналарида сақланиб келинган 1733 нафар Ўзбекистон фуқаролари давлат ҳисобидан ватанга қайтарилган.
Бундан ташқари Россия ҳудудида қийин аҳволда бир сўмсиз қолган 30 нафарга яқин фуқаролар ҳам Ўзбекистонга олиб келинган.