"Марказ – 2019" стратегик қўмондонлик-штаб ўқувлари очилиш маросимидан видео

Oбуна бўлиш
Оренбургда бўлиб ўтаётган "Марказ – 2019" ўқув-машғулотларида Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон, Хитой ва Қирғизистондан ҳарбий жамоалар иштирок этмоқда.

Кеча, 15 сентябрь куни Россиянинг Оренбургда вилоятида жойлашган “Донгуз” полигонида “Марказ – 2019” ҳарбий стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги. 

Унда Россия Федерацияси мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-лейтенант Юнус-Бек Евкуров, Россия Федерацияси Марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Лапин, Марказий ҳарбий округ қўшинлари ва ўқув машқларида иштирок этаётган хорижий ҳарбий контингент вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

“Ўқув машқларининг асосий мақсадларидан бири – ҳарбий ҳамкорликни янада кучайтиришдир. Шунингдек, ҳар қандай таҳдидларга, шу жумладан, халқаро терроризмга қарши туришга тайёр эканлигимизни яна бир бор намойиш этиш. Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифадир. Шубҳасиз, ушбу ўқув машқлари мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшади”, – деди генерал-лейтенант Юнус-Бек Евкуров.

Шундан сўнг хорижий ҳарбий контингентлар раҳбарлари сўзга чиқишди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Ҳабибулло Аббасов ўз нутқида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти номидан бундай самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва ушбу тадбирнинг муҳимлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Тантанали табрик қисми тугагач, кетма-кетлик билан Россия Марказий ҳарбий округи қўшинлари, сўнгра Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Покистон ҳарбийлари трибуна олдидан тантанали марш билан ўтишди.

Янгиликлар лентаси
0