ТОШКЕНТ, 14 сен – Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки делегацияси 11-13 сентябрь кунлари Руанданинг Кигали шаҳрида бўлиб ўтган Молиявий оммабоплик альянсининг 4-умумий йиғилиши ва глобал сиёсий форумида иштирок этди.
“Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки делегацияси Майя декларациясини қабул қилганлиги тўғрисидаги баёнотни эълон қилди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Майя декларациясини қабул қилган 78-ташкилот бўлди”, - дейилган хабарда.
Майя декларацияси – 2011 йилда Мексиканинг Ривьера Майя шаҳрида қабул қилинган бўлиб, унинг асосий мақсади аҳоли орасида - МОА аъзолари томонидан молиявий оммабоплик сиёсатини ривожлантириш, оммабопликни ошириш, молиявий хизматлар сифати ва қўламини кенгайтириш бўйича масъулиятни олиш ҳисобланади.
Молиявий оммабоплик альянси (МОА) томонидан ўтказилган Глобал сиёсий форумда 90 дан ортиқ мамлакатларнинг 100 дан ортиқ аъзо ташкилотлари иштирок этди. Ушбу форум аъзо ташкилотлар ўртасида тажриба, билим ва ташаббуслар алмашинуви учун муҳим платформа ҳисобланади.
МОАнинг тўртинчи йиллик умумий йиғилишида “Аҳолининг алоҳида гуруҳлари учун молиявий интеграцияни жадаллаштириш” Кигали битими, электрон пуллар соҳасидаги молиявий сиёсат модели ва молиявий оммабопликнинг асосий кўрсаткичлари тўплами бўйича моделлар кўриб чиқилди ва тасдиқланди.