Тўйлар - 1 кун дафн маросимлари - 3 кун давом этиши мумкин – янги Низом

© Sputnik / Дмитрий МатвеевУгощения на узбекской свадьбе
Угощения на узбекской свадьбе - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Бундан буён тўйларда “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” каби қўшимча расм-русмлар бекор қилинади - Сенат янги Низом қабул қилди.

ТОШКЕНТ, 14 сен – Sputnik. Ўзбекистонда келажакда Тўйлар ва бошқа маросимларда меъёридан ортиқ дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўйишга чек қўйилади. Ушбу ҳақида Олий мажлис Сенати янги Низом ишлаб чиқди.

Свадебный кортеж. - Sputnik Ўзбекистон
Тўй кортежлари йўл ҳаракатига хавфсизлигига таҳдид солмоқда - ИИББ

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг қайд этишича, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда, - деб ёзади ЎзА.

Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилди.

Низомга кўра, оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилади.

Ушбу ҳужжат билан бундай тадбирларни ўтказиш тартибига умумий талаблар қўйилди.

Тўйларни ўтказишда қуйидаги талабларга риоя этиш шарт:

  • тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;
  • никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш,
  • оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.
  • тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.
  • келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;
  • оилавий тадбирларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;
  • шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;
  • маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш.

Ундан ташқари, оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш маросими 

Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно. 

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни - “етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни ўтказишга йўл қўйилмайди.

Олий Мажлис палаталари кенгашлари аъзолари, депутатлар, сенаторлар, вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этан тадбирда ушбу масала бўйича Сенат ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинди.

Янгиликлар лентаси
0