ТОШКЕНТ, 13 сен – Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Франция Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Изабель Сервоз-Галлуччини қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ хабар қилди.
Вазир ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб, элчини тайинлов билан қутлаган ва унга омад тилаган.
Бўлиб ўтган суҳбатда кўп қиррали Ўзбекистон – Франция мулоқотини сифат жиҳатдан янги даражага кўтарган 2018 йилда Францияга расмий ташриф доирасидаги президент Шавкат Мирзиёевнинг президент Эммануэль Макрон билан олиб борган музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига муҳим эътибор қаратилди.
Сиёсат, иқтисод, туризм, маданият ва таълим каби соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан томонларнинг манфаатдорлиги тасдиқланди.
Учрашувда ўзаро савдо ҳажмларини ошириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш нуқтаи назаридан минтақавий хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.