ТОШКЕНТ, 12 сен - Sputnik. Марказий банк тўлов тизимлари ва ахборот технологиялари департаменти директори Дилшод Икрамов метролар ва шаҳарнинг айрим жойларида ўрнатилган банкоматларнинг ишламаслиги, бу борада ким масъул экани ва учраётган муаммоларни бартараф қилиш борасида қандай чоралар кўрилаётгани маълум қилди.
“Бугунги кунда 600 дан ошиқ банкомат 24/7 режимида ишлайди. Ҳали ишга туширилмаган, лекин ўрнатилган банкоматларимиз сони ҳам анча. Метроларда банкоматларнинг ишламаслиги техник сабабларга боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, алоқа каналлари ўрнатиш ишларини йўлга қўймоқдамиз ва бу борада метрополитен билан ҳамкорликда чоралар кўрилмоқда”, - деди Икромов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида марказлашган мониторинг тизими ўрнатиляпти. Унда ҳар бир ўрнатилган банкоматлар масофадан туриб назорат қилинади.
Аввалроқ HUMO᾽нинг 250 дан ортиқ банкоматлари Visa карталарини қабул қилишни бошлагани хабар қилинган эди.