ТОШКЕНТ, 11 сен – Sputnik. Сирдарёда пахта терувчилар учун ҳашарчилар шаҳарчаси қурилди, деб хабар қилмоқда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳашарчилар шаҳарчаси ёки экспериментал намунадаги дала маркази Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 августдаги қарорига асосан Сирдарё вилояти Боёвут туманида ташкил этилган.
Шаҳарчада пахта теримига жалб этилган ҳашарчилар яшаши ва ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан у ерда ётоқхона, дам олиш хонаси, овқатланиш учун стол стуллар, тиббиёт хонаси, иссиқ сувли душ, ҳожатхона ва бошқа шароитлар мавжуд. Шаҳарча 400 кишига мўлжалланган.
2019 йилги терим мавсумида ҳашарчилар шаҳарчалари фақат Сирдарё вилояти бўйлаб ташкил қилинади. Умумий ҳисобда 90та ана шундай шаҳарча ташкил қилиш режалаштирилган. Кейинги йилдан бошқа вилоятларда ҳам шундай шаҳарлар барпо этилиши мумкин, дейилган хабарда.