ТОШКЕНТ, 10 сен – Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси Намангандаги туғруқ комплексларидан бирида юз берган мудҳиш жиноят – чақалоқларнинг қасддан ўлдирилиши ҳолати юзасидан расмий баёнот берди.
Хабарга кўра, 9 сентябр куни Наманган тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексига қарашли бинонинг орқа ховлисидан 2 сентябр куни туғилган қиз чақалоқлар тирик ҳолда топилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Бироқ, шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан чақалоқлар вафот этган.
Аниқланишича, 9 сентябр куни чақалоқларнинг бирини дунёга келтирган аёл қизининг оёқлари нотекис (нуқсонли) туғилганлигидан аччиқланиб, ундан қутилиш мақсадида ўз чақалоғи билан биргаликда, содир этаётган қилмиши фош бўлиб қолишини олдини-олиш мақсадида шу хонада ётган М.Т.нинг қиз чақалоғини ҳам олиб, дераза ойнаси орқали уларни туғруқ комплексининг 2-қаватидан пастга улоқтириб юборган.
Оқибатда чақалоқлар оғир тан жароҳатлари олишган.
Мазкур ҳолат юзасидан 09.09.2019 йилда туман прокуратураси томонидан фуқаро Д.Х.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-кисми “а,в” бандлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси масъул шахсларига нисбатан 116-моддаси 4-кисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Д.Х. процессуал тартибда ушланган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.