ТОШКЕНТ, 5 сен - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россияга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Президентнинг хорижга сафарига тайёргарлик кўриш масаласи Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди.
“Шунингдек, тегишли идоралар ва вазирликлар раҳбарлари Россия Федерациясига юқори даражадаги ташрифга тайёргарлик кўришда: юқори рентабеллик ва миллий иқтисодиётнинг комплекс ривожланиши учун аҳамиятли янги лойиҳавий таклифларни тайерлаш мақсадини илгари сурган ҳолда ўзларига асосий вазифаларни белгилаб олдилар”, - дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида.
Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев Урганч бўлиб ўтган Ўзбекистон – Россия қўшма комиссиясининг биринчи йиғилишида мамлакат мақсадларидан бири Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 10 млрд $ гача етказиш эканини маълум қилган эди.
Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи 2019 йил охирида амалга ошиши мумкинлигини таъкидлаган эди.