ТОШКЕНТ, 3 сен - Sputnik. “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг (НИЯУ МИФИ) Тошкентдаги филиали очилди.
“Росатом” бош директори Алексей Лихачёв халқаро атом лойиҳалар Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишга қўшимча импульс беришини қайд этди.
“Тошкентда мазкур таълим муассасининг барпо этилиши, яъни ММФИ филиалининг очилиши муҳим аҳамиятга эга бўлган натижадир. Бу, умуман олганда, кадрлар сиёсатини кенгайтириш ва чуқурлаштиришдир. Албатта, талабалар нафақат янги билимга эга бўладилар, балки илм-фан соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишади. Шубҳасиз, бу ерда “Росатом” томонидан ҳамкорликдаги лойиҳалар жойлаштирилади. Назаримда, атом энергетикаси билан боғлиқ бўлган халқаро лойиҳалар Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишига қўшимча импульс беради”, - дея Лихачёв сўзларидан иқтибос келтиради Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тошкентдаги “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университети филиали тўртта йўналиш бўйича мутахассисларни тайёрлайди:
- Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси;
- Ядро физикаси ва технологиялари;
- Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси;
- Электр энергетикаси ва электр техникаси.
Таълим жараёни Россия стандартларига асосан олиб борилади. Битирувчиларга Ўзбекистонда амал қиладиган Россия намунасидаги дипломлар берилади. Барча битирувчилар “Ўзатом” агентлиги томонидан иш билан таъминланади.