ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни вафот этган эди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарорига кўра ҳар йили бу сана Хотира куни сифатида ёд этилмоқда.
Ушбу маросим ҳам давлат ва жамоатчиликнинг Ислом Каримовга ҳурмати ифодаси бўлди.
Қуръон тиловат қилинди. Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти, орзу-истаклари, мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашдаги хизматлари ёдга олинди.
Гул қўйиш маросимида парламент ва ҳукумат аъзолари, фан ва маданият намояндалари, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.
Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.