ТОШКЕНТ, 31 авг - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Бугун, 31 август Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон" анжуманлар саройида халқни Мустақиллик куни билан тантанали муборакбод этди. Президент бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бундан йигирма саккиз йил муқаддам, 1991 йил айни шу кунда биринчи президент Ислом Каримов Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилганини, шундан бу сана эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги интилиш ва муваффақиятларга асос бўлганини, энг азиз айёмга айланганини таъкидлади.
"Бугун бир ҳақиқатни катта ғурур ва ифтихор билан айтишга тўла асосимиз бор: мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда. Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда", - деди президент.
Президент Суриядан қайтарилган аёллар ва болалар мавзусини эсга олиб, Ўзбекистон халқи мана шундай онларда ўзининг нималарга қодирлигини - олижаноблигини намоён этганини алоҳида қайд этди ҳамда "аёлларимиз шу кўйга тушмаслиги учун белни маҳкам боғлаб қаттиқ меҳнат қилиш" кераклигини қўшимча қилди.
Мирзиёев шунингдек, халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилга "бировга мақтаниш учун" эмас, балки раҳбарлар онгини ўзгартириш учун амалга оширилган сиёсатлигини, шу туфайли одамларда адолат барибир ғалаба қозонишига ишонч пайдо бўлаётганини таъкидлади.
"Халқимиз "имконият бор экан-ку", "светлар ёнар экан-ку", "иш ўринлари топилар экан-ку", деб айтяпти. Шундай давом этаверсак, бизнинг юртимиздан поездга миниб бошқа юртга борадиганлар камаяди. Бундай ишларимизни ҳеч қачон камайтирмаймиз. Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз! Мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз! ", - деди Мирзиёев.
Президентнинг ушбу сўзларини тадбир иштирокчилари давомли қарсаклар билан қарши олдилар.