ТОШКЕНТ, 30 авг – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур Низомга кўра, магистратурага қуйидаги шахслар танлов асосида қабул қилинади:
- “Юриспруденция” таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган фуқаролар;
- “Юриспруденция” таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган прокуратура органларининг ходимлари;
- бошқа таълим йўналишлари бўйича олий маълумотга ва бевосита прокуратура органларида камида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимлари.
Магистратурада ўқиш муддати бир йил.
Магистратурага кириш имтиҳонлари ёзма имтиҳон ва суҳбат шаклида ҳар йили август ойида ўтказилади.
Битирувчиларга давлат намунасидаги диплом ва “Ҳуқуқ магистри” даражаси берилади.