ТОШКЕНТ, 28 авг – Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда савдо мажмуаси қурилиши вақтида жароҳатланган ишчилар аҳволи ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, “Riviera” савдо мажмуаси ҳудудида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда юқоридан темир конструкция қулаши оқибатида 6 нафар қурувчи жароҳатланиб, улардан 4 нафари вафот этган. 2 нафари эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.
Жароҳатланганлар зудлик билан текширувлардан ўтказилиб, белгиланган тартибда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, О.Ш. ўнг тавон суягининг синиши ташхиси билан ўрта оғир аҳволда, З.Р. эса аралаш травма, чап елка суягининг синиши ташхиси билан ётқизилган.
Хабарда беморлар малакали шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб, уларга барча керакли тиббий муолажалар кўрсатилаётгани қўшимча қилинган.