ТОШКЕНТ, 26 авг – Sputnik. АҚШ компанияси Навоий шаҳрида Клиник-диагностик ва синов лабораторияси қуради, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Лаборатория “ҳудуддаги беморларни даволашда ва диагностика қилишда замонавий метод ва технологияларни жорий этиш учун хизмат қилади”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, янги лойиҳани амалга ошириш учун ҳудудга 24 миллион доллар сармоя киритилади ва 200та иш ўринлари яратилади.
Бугунги кунда лойиҳани амалга ошириш илдам қадамлар билан давом этмоқда. Хорижий инвестор Навоий шаҳрида аллақачон “US SCIENTIFIC NAVOI” МЧЖ жорий этган. Ундан ташқари, ҳоким қарори билан Навоий шаҳри марказида лойиҳани амалга ошириш учун 0,75 гектар ер майдони ажратилган.
Хорижий инвестор, “US Inc.” Компанияси раҳбари Марк Винтер май ойида Навоий вилоят ҳокими ва августда АҚШдаги Ўзбекистон элчиси Жавлон Вахабов билан учрашиб лойиҳани амалга ошириш нияти қатъий эканини маълум қилган эди.
Маълумот учун, бир неча йил олдин, Россия ҳудудида келиб чиқиши номаълум бўлган хорижий компаниялар томонидан молиялаштирилган лабораториялар инсон биоматериалларини ва ДНКсига хос маълумотларни жамлаш фактлари аниқланган эди. Шундан сўнг махсус хизматлар Россия ҳудудида ҳар қандай кўринишда биоматериллар жамлашни ўз назорати остига олган эди.
Ундан ташқари, 2017 йилнинг 18 июлида АҚШ Ҳаво-ҳарбий кучлари бошқармаси россиялик кишиларнинг Рибонуклеин кислотаси (РНК) ва инсон суяги бўғимининг синовиал кислота ишлаб чиқарувчи қатлами намуналари жамлаши ҳақида газетага эълон берган эди. Ушбу воқеа катта шов-шувларга сабаб бўлиб, Россия томонидан бунга қарши норозилик билдирилган эди.
Маълумот учун, РНК — Инсон танасидаги энг асосий учта макромолекулалардан бири. Қолган иккитаси ДНК ва оқсил молекулаларидир. Турли миллат, турли ирқ вакилларида улар турли турли кўринишда бўлади. Агар айнан бир хилдаги ДНК, РНК ёки оқсил молекуласига зарар еткизувчи вирус етиштирилса, унинг ёрдамида фақат маълум бир миллат ёки ирқ вакилларига таъсир қилувчи биологик қурол ишлаб чиқариш мумкин.