ТОШКЕНТ, 22 авг – Sputnik. Ўзбекистон ТИВ Ханти-Мансийскда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган мамлакат фуқароларига мурожаат қилди.
Хабарда қайд этилишича, 14 август куни Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округи губернаторининг биринчи ўринбосаридан умумий овқатланиш соҳасида меҳнат фаолияти билан шуғулланишда хорижий фуқароларига 2019-йилда қўйилган қўйилган чеклов олингани тўғрисида расмий тушунтириш олган.
“Россия Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган мазкур соҳа учун стандартлар (ўрта махсус таълимни тугатганлик, амалий иш тажрибаси, тиббий китобча) ва Россия Федерациясида вақтинча яшаш учун рухсатнома ёки истиқомот учун гувоҳнома (вид на жительство) мавжуд бўлганда Ўзбекистон фуқаролари Ханти-Мансийск автоном округида “Ошпаз” касби бўйича ишлашлари мумкин”, - дейилади хабарда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Урал федерал округи (Курган вилояти, Свердловск вилояти, Тюмен вилояти, Челябинск вилояти, Ханти-Мансийск автоном округи – Югра, Ямал-Ненецк автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда мамлакатнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +7 343 276 31 66, +7 343 272 31 33.