ТОШКЕНТ, 22 авг – Sputnik. Россиялик автомобил эксперти, Drive интернет портали директори Илья Межибовский Ravon автомобиллари Россия бозорида муваффақиятли сотилиши учун нималар қилиш кераклигини айтди.
Межибовский фикрига кўра, Ravon автомобиллари ўз нархига мос ва маълум сегментда рақобатбардош бўлиши мумкин, фақат бунинг учун дилер тармоқлари фаолиятини яхши ташкил қилиш керак.
“650 минг рубл нарх - бундай машиналар учун ўринли нархдир. Ўзбекистондаги завод ҳам замонавий, маҳсулот сифати анча юқори. Буёғига кўп нарса ушбу маҳсулотни Россия бозорида сотишни йўлга қўшишга, дилерлик тармоғини тузишга боғлиқ бўлади”, - деди эксперт.
Айни дамда Россия автомобил бозори ҳажми бироз камаймоқда. Лекин айнан шундай шароитда кам бюджетли сегментга мўлжалланган Ўзбекистон австосаноати маҳсулотлари муваффақиятли бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Ravon янги нархлар билан Россия бозорига қайтганини эълон қилган эди.