ТОШКЕНТ, 22 авг – Sputnik. Аралаш яккакураш бўйича қирғизистонлик ҳакам Ўзбекистон байроғи билан юз берган ҳолат юзасидан видео мурожаат тайёрлади.
Бу видео Telegram-каналлар орқали тез тарқалмоқда.
Видеода ҳакам Ўзбекистон халқидан узр сўради. У қўшни мамлакат халқини ҳурмат қилиши ва нотўғри иш қилганлигини тан олди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик спортчи Нурсултон Рузибоев Ўш вилоятида ўтказилган мусобақада иштирок этди ва у ерда қирғизистонлик жангчига мағлуб бўлди.
Жанг якунида Рузибоев ҳакам қирғиз спортчига ён босди деб ҳисоблаб, Ўзбекистон байроғини кўтаришга ҳаракат қилган. Аммо ҳакам бунга йўл қўймай байроқни октагон ташқарисига улоқтирди.