ТОШКЕНТ, 19 авг – Sputnik. Бош прокуратура томонидан Г.Каримовага нисбатан давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, жиноят ишлари қўзғатилишига “White and Case” халқаро юридик компаниясидан келиб тушган маълумотлар ва фуқароларнинг аризалари асосида тўпланган текшириш ҳужжатлари асос бўлган.
"Аниқланишича, Г.Каримова бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда, “Қувасойцемент” ва “Бекободцемент” АЖларининг давлатга тегишли бўлган акцияларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олган.
Г.Каримова қайд этилган акцияларни чет эл тадбиркорларига сотган ҳамда уларнинг ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб, республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган", - дейилган баёнотда.
Бош прокуратура баёнотида айтилишича, Г.Каримова фуқаролар ва турли компания эгаларини зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, уларнинг мулкини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.
"Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди. Жиноят ишлари бўйича тергов давом этмоқда," - дейилган прокуратура хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Каримова Гулнора Исламовнага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Г.Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.