ТОШКЕНТ, 15 авг - Sputnik. Шавкат Мирзиёев имзолаган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон билан туристик фаолият ва хизматлар учун солиқ имтиёзлари берилди.
Фармонга мувофиқ, 2023 йил 1 январга қадар қуйидагилар:
- етиб бориш қийин бўлган ва чекка жойларда кемпинг ва “сафари” туризми хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар фойда, ер ва мол-мулк солиғи ҳамда ягона солиқ тўлови;
- юридик шахслар жаҳон стандартларига мос гольф мажмуаларини барпо этиш лойиҳаси доирасида фойда, ер ва мол-мулк солиғидан, жалб қилинган хорижий мутахассисга ҳақ тўлашда ягона ижтимоий тўловдан, лойиҳа учун товарларни олиб киришда божхона божи ва акциз солиғидан;
- замонавий санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этадиган юридик шахслар ушбу фаолият бўйича фойда, ер ва мол-мулк солиғи ҳамда ягона солиқ тўловидан;
- республикага олиб кириладиган дор (осма) йўлларини, “банжи-жампинг” ва “зиплайн” аттракционларини, бошқариладиган (дирижабль, ҳаво шари) ва бошқарилмайдиган (эркин учиш) аэростатлар, гондолалар, “рафтинг” ва “флайбординг” учун ускуналар, шунингдек, “buggy car”, фаэтонлар, жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган (ғилдирак устидаги уйлар) ёки кафе-фургонларга айлантирилган (“фудтрак”) ер усти транспорт воситалари божхона божи ва акциз солиғидан озод этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган ёдгорликлари ҳудудида фақат мамлакатда ишлаб чиқарилган сувенирлар сотилиши ҳақида хабар қилинган эди.