Тошкентда қўлида чақалоғи бўлган аёл автобуснинг ойнасини синдириб шикастланди – видео

Oбуна бўлиш
Қўлида чақалоғи бўлган йўловчи аёл ҳайдовчидан автобусни белгиланмаган жойда тўхтатишни талаб қилган. Баланд овоз билан ҳайдовчига босим ўтказиб, автобуснинг эшик ойнасини бир неча марта тепиб синдирган. Натижада ўзи ҳам ойна синиқларидан шикастланган.

ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Тошкентда қўлида чақалоғи бўлган аёл автобуснинг ойнасини синдириб шикастланди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ хабарига кўра, 14 август куни 5-автобус саройи тасарруфидаги 99-йўналишда йўловчи аёл белгиланмаган жойда, яъни Қўйлиқ бозори яқинидаги Чирчиқ дарёсидан ўтган кўприк устида автобусни тўхтатишни талаб қилган. Ҳайдовчи унга бу ерда тўхташ мумкин эмаслиги, ҳаёти учун хавфлилигини ҳар қанча тушунтирмасин у қайсарлик билан ўз сўзида туриб олган.

У қўлидаги чақалоғи ҳамда салондаги йўловчиларни безовта қиларли даражада шовқин-сурон кўтарган ва бу ҳам етмагандек баланд овоз билан ҳайдовчига босим ўтказиб, автобуснинг эшик ойнасини бир неча марта тепиб синдирган. Натижада автобусга зарар етказиш билан бирга аёлнинг ўзи ҳам ойна синиқларидан шикастланган.

Хабарда ёзилишича, ушбу ҳолатни батафсил ўрганиш ҳамда чора кўриш мақсадида тегишли органларга хабар берилган.

Янгиликлар лентаси
0