ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Қирғизистон ички ишлар вазирлиги собиқ президент Алмазбек Атамбаев уйи штурм қилинганидан сўнг амалга оширилган ишлар ҳақида хабар берди.
ҚР Жиноят кодекси 130 (Қотиллик), 39-130 (Ўлдиришга суъиқасд), 244 (Асир олиш), 264 (Оммавий тартибсизликлар), 266 (Безорилик) ва 355 (Ҳукумат вакилига нисбатан таҳдид ёки зўравонлик) моддалари бўйича жиноий ишлар қўзғатилган.
Атамбаевнинг тарафдорлари бўлган: Темирлан Султанбеков, Эрмек Окенов, Тилек Абдиева, Мээрбек Мискенбаев, Кундуз Жолдубаева, Равшан Жээнбеков, ЖК депутатлари Асель Кодуранова, Ирина Карамушкина, сиёсатчининг ўғли Сейитбек Атамбаевлар сўроққа тутилган. Собиқ давлат раҳбарининг маслаҳатчиси Фарид Ниязов, халқ штаби раҳбари Кыяз Смалиев, Алга Кылычев ва Амантур Жамгырчиевлар эса Бишкек ИИББ изоляторида сақланмоқда.
Қирғизистон пойтахти Первомайск туман суди қарорига кўра, Алмазбек Атамбаев 26 август санасига қадар ГНКБ СИЗОсида сақланиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни кечқурун Кой-Таш қишлоғида ГКНБ спецнази Атамбаевни қўлга олиш бўйича операцияни амалга оширишга уринди, аммо штурм собиқ президент тарафдорлари томонидан йўққа чиқарилган эди. 8 август куни ҳуқуқ тартибот органлари такрорий штурмни амалга оширдилар, оқибатда сиёсатчи таслим бўлди. Сал вақт ўтиб, Атамбаевнинг тарафдорлари куч ишлатиш йўли билан тарқатила бошланди. Сўнгги маълумотларга кўра, икки кунлик тўқнашувларда 136 киши жабрланган, спецназ ходими эса ўқ билан яраланиш оқибатида ҳалок бўлган.