ТОШКЕНТ, 9 авг – Sputnik. Тошкентнинг Халқлар дўстлиги майдонида ёш таэквондочилар иштирокида катта флэшмоб ўтказилди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Унда ушбу спорт турида катта ютуқларга эришган спортчилар, юзлаб маҳаллий ва Жанубий Кореядан келган ёш таэквондочилар ўз маҳоратларини намойиш қилишди.
Флэшмобда жами 2019 нафар иштирокчи қатнашди.
Ушбу тадбирни жаҳон таэквондо федерацияси раҳбари Чунг Вон Чой ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борди. Мартабали меҳмонга Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамроҳлик қилди.
Тадбир бошида меҳмонларга ўтган ой юртимизда катта тантана остида ўтган “Олимпия куни”га бағишлаб тайёрланган ролик намойиш этилди.