ТОШКЕНТ, 5 авг - Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ Юнусобод туманида Mazda 3 автомобилини ўғирлашга алоқадорлиги бўлиши мумкин бўлган шахсларни қидирмоқда.
ИИББ хабарига кўра, 3 август кунидан 4 августга ўтар тунда соат 3.05 да Mazda 3 русумли оқ рангли автомобиль (тугмали ўт-олдиргичли) ўғирланганлиги ҳақидаги хабар келиб тушган.
Маълум қилинишича, машина шаҳарнинг бошқа четида топилиб, эгасига қайтариб берилган.
Автомобиль ўғирланган ҳудудда ўрнатилган кузатув камералари ўғирликка алоқадорлиги бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг юзларини тасвирга олган.
“Шахсларни юзларидан таниганлар 102, 71-232-30-40, 71-232-40-50 ёки 99-889-78-58 рақамлари орқали хабар беришларини сўраймиз”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Captiva автомашинасида чиқиб кетган йигит қидирилаётгани хабар қилинган эди.