ТОШКЕНТ, 5 авг – Sputnik. “Жаслиқ” колониясида жазо муддатини адо этаётган маҳкумлар илгари ўзлари яшаган жойларга яқин колонияларга юборилади. Бу уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг вақт ва пулларини тежашга ёрдам беради, дея маълум қилди ИИВ вакили Баҳромбек Одилов. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилмоқда.
Ҳозирги кунда у ерда 395 нафар маҳкум сақланяпти . ИИВ вакилининг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамиятда қамоқхона тўғрисида “турли миш-мишлар” тарқалгани сабабли уни ёпишга қарор қилинган.
Аниқлик киритилишича, ИИВ ҳузурида қамоқхонани тугатиш комиссияси ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2019 йил 2 август кунги "Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида"ги қарори билан Қорақалпоғистон Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш белгиланган.
Ушбу колония Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани, Жаслиқ қўрғони ҳудудида жойлашган. Колония 1999 йилда ташкил топиб, бу ерда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахслар сақланиб келмоқда. Қамоқхонадаги маҳбусларнинг 10 фоизини диний асослар туфайли озодликдан маҳрум этилганлар ташкил этади.