ТОШКЕНТ, 2 авг - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Наманган вилоятида бунёд этилаётган Тўрақўрғон ИЭСда синов ишлари деярли тугаб, биринчи буғ-газ турбинасини тармоққа улаш ва қувват бериш бўйича сўнгги тайёргарлик ишлари кетмоқда. ИЭС август ойида ишга туширилади, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбирига Тўрақўрғон ИЭС бош муҳандиси Нодирбек Насибалиев.
Муҳандиснинг айтишича, ёз ва қиш мавсумлари Фарғона водийсида электр-энергиясини истеъмол қилиш бўйича "пик даврлар" ҳисобланади ва бу вақтларда истеъмол кўрсаткичи 1800 МВтни ташкил этади. Тўрақўрғон ИЭснинг ишга туширилиши эса электр-энергиясига бўлган ушбу талабларни бирмунча қондиришга хизмат қилади.
"Август ойи иккинчи ярмида ИЭСнинг биринчи блок буғ-газ қурилмаси ишга туширилади ва дастлаб 300 МВт электр-энергияси ишлаб-чиқарилади. Бу Наманган вилоятининг электр-энергияга бўлган эҳтиёжини 70-80 % қоплайди. Биринчи энергия блокимиз батамом ишга тушганида Наманган вилояти тўлиқ энергия билан таъминланади", - деди Насибалиев.
Насибалиев Ўзбекистондаги биринчи замонавий иссиқлик электр станцияси бўлган бу қурилманинг бошқа электрстанциялардан афзаллиги ҳақида ҳам тўхталди.
"Бу ерда ишлаб чиқарилган электр энергия таннархи бошқа иссиқлик электр станцияларникидан арзонлиги билан ажралиб туради. Мисол учун, 1 кВт/с электр энергияни ишлаб чиқариш учун 220 грамм шартли ёқилғи сарф бўлади. Ҳозирда ишлаб турган эски энергия блокларимиз қиладиган сарфдан икки баробар камдир. Бундан ташқари ИЭС юқори аниқликда ишлайди, атроф муҳитга зарар етказмайди", - деди у.
Насибалиевнинг айтишича, ИЭСнинг биринчи буғ-газ қурилмаси тўлиқ сентябр ойида, иккинчиси эса жорий йил декабр ойида ишга туширилади. Натижада Фарғона водийси истеъмолчилари учун 900 МВт қўшимча қувват ишлаб чиқарилади ва бу водий аҳолиси истеъмол қилаётган электр энергиясининг тенг ярмидан кўпни ташкил этади.
Умумий қиймати 1 миллиард 195 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган Тўрақўрғон ИЭС лойиҳасини амалга ошириш Япониянинг "Mitsubihi Corporation" ва "Mitsubishi Hitachi Power Systems" консорцуми томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа 10 йилдан сўнг ўзини тўла оқлайди.
Бунёдкорлик ишларига 2 минг 400 дан зиёд маҳаллий ва хорижий ишчи-хизматчи жалб этилган. Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини Туркиянинг "СaIik Enerji" компанияси муҳандис-техник мутахассислари бажармоқда.