ТОШКЕНТ, 2 авг – Sputnik. Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.
Қуйидагиларни назарда тутувчи қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасини 2025 йилга қадар ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади:
- янги турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларининг бюджет моделини ишлаб чиқариш ва республикада ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари учун янги миллий “бренд”ни яратиш;
- боғдорчилик, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишида техника турлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва умумий ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш;
- тайёр маҳсулот экспортини ишлаб чиқарилган маҳсулотга нисбатан 2022 йилда 20 фоизга, 2025 йилда эса 30 фоизга етказиш;
- корпоратив бошқаришнинг замонавий усулларини, хусусан “ЕRP” автоматлаштирилган ҳисобга олиш, “GMS” ишлаб чиқаришни бошқариш ва “BIQ” сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш;
- қишлоқ хўжалиги учун кичик механизация техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
- машина-трактор паркларининг мавжуд техникалари ва бўш турган ер майдонларини оптималлаштириш ҳамда уларни асосан таъмирлаш ва сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослаштириш.
Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
- 2019-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги корхоналари маҳаллийлаштириш даражаси 20 фоиздан кам бўлмаган республикада ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилганида техника нархининг 15 фоизи миқдорида субсидия бериш;
- комбайнларни хорижда хизмат кўрсатиш учун ташиш транспорт харажатларининг 80 фоизини компенсация қилиш.