ТОШКЕНТ, 1 авг – Sputnik. “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.
Ҳужжатга етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг турар жойларини бронлаштириш тартиби тўғрисидаги низом илова қилинган.
“Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар тарбия, даволаш муассасалари ва бошқа муассасаларга жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштирилади”, - дейилган қарор лойиҳасида.
Бронлаштирилган ва бириктирилган турар жойга эга бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия, даволаш муассасалари ва бошқа муассасаларда, фарзандликка олган оилаларда, васий (ҳомий) қарамоғида бўлган тўлиқ даврда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизматни ўташ даврида ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларида бўлган даврида турар жойга бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади.
Лойиҳада айтилишича, васийлик ва ҳомийлик органлари етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар турар жойларини белгиланган талаблар бўйича сақланишини назорат қилиш мақсадида турар жойларни бир йилда камида икки маротаба жойига бориб ўрганади.
Ҳужжат лойиҳаси 16 августгача муҳокама қилинади.