ТОШКЕНТ, 29 июл – Sputnik. “Ер участкалари эгаларини микро рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.
Унга кўра, 2020 йил 1 июндан 30 июнгача республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳрида мавжуд деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари сонининг 10 фоизини қамраб олган ҳолда, ер участкалари эгаларининг қишлоқ хўжалиги фаолияти бўйича микро рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.
Ҳужжат билан ер участкалари эгаларини микро рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси таркибини тасдиқлаш режалаштирилган.
Қарор лойиҳасида 2019 йил 1 ноябргача Давлат статистика қўмитаси томонидан тасодифий кенг қамровли танлов асосида шакллантирилган микро рўйхатга олиш ўтказиладиган маҳалла фуқаролар йиғинлари рўйхатини тасдиқлаш;
2020 йил 20 декабргача микро рўйхатга олиш натижаларини таҳлил қилиш ва деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги фаолиятига оид статистика маълумотларига киритиладиган тегишли ўзгартиришлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этиш вазифалари баён этилган.