ТОШКЕНТ, 29 июл – Sputnik. Жанубий Корея Инчхон халқаро аэропорти биносидаги вентиляцион шахта орқали қочишга уринган 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда “Российская газета” хабар қилди.
Маҳаллий миграция хизмати маълумотига кўра, аэропорт ҳудудидан қочиб кетишга уринганлар орасида Қозоғистон (25 ёш) ва Россия (34 ёш) фуқаролари ҳам бўлган.
Бу шахслар Кореяга киритилмагандан сўнг, ўзаро тил бириктирган ҳолда аэропорт биносидан қочиб кетишга ҳаракат қилади.
Корея аэропорти хавфсизлик хизмати ходимлари маълум қилишича, уч нафар мигрант сайёҳлар ниқоби остида ноқонуний иш топиш мақсадида Кореяга киришга уринган. Уларни ватанига қайтариб юборишга қарор қилишган.
Ҳуқуқ тартибот ходимлари бу шахсларни депортация қилинувчилар учун мўлжалланган махсус хонага жойлаштиришди. Бир хонада улар ўзаро танишган ва аэропортдан қочиб, Жанубий Корея ҳудудига ноқонуний киришга қарор қилишган.
Улар ҳожатхонага йўл олиб, томни очишган ва панжарани синдиришган, сўнг вентиляцион шахталар ҳамда техник ўтиш жойлари орқали аэропорт биносининг бошқа қанотига ўтишган.
Қўриқчилар қочишга уринган эркакларни қидира бошлади. Натижада, уч нафар шахс аэропорт хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинди.
Натижада қўлга олинганлар аэропорт миграция хизмати ходимларига топширилади.