ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Ҳожиакбар Тиллашайхов, Ўзбекистоннинг энг ёш ҳокимларидан бири, Тошкентнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган Яшнобод туманига 35 ёшида ҳоким этиб тайинланган.
Ҳожиакбар Тиллашайхов ҳоким лавозимини эгаллаганига 30 июль куни бир йил тўлади. Sputnik Ўзбекистон мухбири Дилшода Раҳматова ёш раҳбар қисқа давр ичида қандай ишларни бажара олди, раҳбарлик масъулияти, кўпчилик наздида энг оғир ва муаммоли саналган ҳудуд – Яшнободни у истиқболда қандай ўзгартирмоқчилигини билиш мақсадида бир кун давомида ҳоким билан ёнма-ён бўлиб, унинг иш фаолиятини кузатди.
Ҳар қандай раҳбар сингари, ҳокимнинг ҳам иш кунлари тартиби анча олдин режалаштирилади, аммо бу режа баъзан фавқулодда мажлислар туфайли ҳам ўзгариб турар экан. «Ҳоким билан бир кун» лойиҳасида шунга амин бўлдим.
Меҳнатсеварлик дардига чалинганлар
Тиллашайхов билан соат 7.45да Яшнобод тумани солиқ инспекцияси биноси олдида учрашамиз. Ҳокимнинг иш режасига кўра, 8.00да бу ерда туман бюджетига тушумларни ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилади.
Мажлис бошланишига ҳали вақт бор. Ҳокимдан унинг одатий иш куни аслида соат нечадан ва қандай бошланишини сўрайман. Тиллашайховнинг айтишича, у кабинетда ўтириб ишлайдиган раҳбарлар хилиданмас. Эрталаб соат олтидан туманни айланишни одат қилиб олган. Йўллар аҳволи, тозалик – буларнинг барчасини ўргангач, ўринбосаларига тегишли топшириқларни беради. Одатда, кунни бугун бажарилиши керак бўлган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилишдан бошлайди ва сўнгра кун давомида асосий ишларни туманни айланиб юриб, бажаради.
Бугунги йиғилишни солиқ идорасидан бошлагани сабабини сўрайман.
Тиллашайховнинг айтишича, ҳоким этиб тайинланган кундан бери «соядаги иқтисод»ни буткул йўқотиш устида иш олиб боради. «Кимдир солиғини тўлаб ишласа-ю, кимдир солиқ тўламаса, нархда тафовут бўлади. «Соядаги иқтисод»ни йўқотмасак, соғлом рақобат бўлмайди. Тадбиркорларни синдирадиган бундай муаммонинг бизга кераги йўқ», - дейди Тиллашайхов.
Айтишича, сўнгги уч йилда иқтисодда юз берган ижобий импульслар туфайли 2019 йил олти ойи якунлари бўйича туман бюджетига тушум режаси 23 миллиард сўм ортиғи билан бажарилган.
«Таққослашингиз учун айтаман, 2018 йилда бу кўрсаткич атиги 8 миллиард сўмни ташкил қилган. Бу улкан ютуқ эмас, бу билан ўзимизни чекламаймиз. Режамизга кўра, ҳар кварталда 35-40 миллиард сўмдан ортиқча маблағни туман бюджетида қолдирадиган бўлсак, икки йилда мавжуд барча ижтимоий соҳадаги муаммоларни бартараф этишга имкон бўлади», - дейди у.
Қисқа савол-жавобдан сўнг йиғилишга йўл оламиз. Бунда ҳоким тўрт сектор раҳбарлари билан биргаликда кун тартибида турган масалаларни муҳокама этади, бажарилган ишлар юзасидан мутасаддилар ҳисоботини тинглайди, бажара олмаган ходимларга огоҳлантириш беради ва сўнгра йиғилиш якунида бажарилиши лозим бўлган ишлар бўйича режаларни белгилаб олади.
Демократ раҳбар
Мажлис тугагач сентябрда очилиши кутилаётган аёллар соғломлаштириш марказига йўл оламиз.
Тиллашайхов билан суҳбатимиз йўл-йўлакай унинг хизмат машинасида давом этади. Айтганча, у рулда эмас. Автомобилнинг орқа ўриндиғидан жой олади.
«Яшнобод Тошкентнинг энг муаммоли ва оғир туманларидан бири деган тушунча қанчалик ҳақиқатга яқин?», - сўрайман ҳокимдан.
Туман раҳбари танқидий саволимни ёқтирмаганини сезмадим. Аксинча, «Ўткир саволларни бераверинг, яширадиган нарсамиз йўқ», дея мунозарага чорлайди.
- Муаммоларимиз кўп ҳақиқатда, - дейди машинадан атрофни кузатиб борар экан. –Мисол учун, долзарб бўлган ички йўллар масаласи. Йиллар давомида Яшнобод туманига асфальт ётқизилмаган. Ўтган йили маҳаллий бюджетнинг ортиғи билан бажарилган қисмидан 100 минг квадрат метрдан ошиқ асфальт ётқиздик. Йил охиригача яна 200 минг квадрат метр ҳудудни асфальлаштириш режамизда бор. Эски уйлар муаммоси ҳам олдимизда турибди. Сергелида уч босқичда 1200дан зиёд хонадонларни қурдик ва биринчи бадалини тўлаб, ҳақиқатдан турар-жойга муҳтожларни жойладик. Энди ўзимиз ҳам туманда ижтимоий уйлар қураяпмиз. Кун давомида, бориб кўрамиз, ҳозирда қурилаётган 1120 та хонадондан 350таси кам таъминланганлар, ёлғиз аёллар ва ногиронлиги бор инсонларга президент совғаси сифатида топширилади.
Яшнабоднинг оғир ҳудуд дейилиши сабабларидан бири, айрим турдаги жиноятлар кўрсаткичи баланд. Лекин жиноятга мойиллар ишга жойланса, мактаблар, боғчалар болалар у ерга интилишни орзу қиладиган даражада таъмирланса, ёшлар кўчада мақсадсиз юрмаса, ҳолат, албатта, ўзгаради.
Жамоамиз билан шундай стратегия тузганмизки, бюджетга тушадиган даромадни ижтимоий масалалар ечимига йўналтирамиз.
Бугун топган пулимизни боғча ва мактаблар, кўчаларни таъмирлашга ишлатаяпмиз.
Эртага шаҳарсозлик, архитектурага четдан инвестиция жалб қилиш устида ишлаймиз. Шаҳардаги тарихий аҳамиятга эга бирорта бино бузилмайди, аксинча, реконструкция қилинади, чиройли дизайнга келтирилади. Аммо бу иккинчи босқичда қиладиган ишларимиздир. Бизнинг барча ҳаракатларимиз аҳоли муаммоларини ечишга, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган.
Марказий Осиёда ягона
…Аёллар саломатлиги репродуктив маркази – аёллар соғлиғини муҳофаза қилишга ихтисослашган замонавий муассаса бўлиб, бунда аёллар саратон касаллигига қарши даволанишлари мумкин. Шунингдек, марказда бепуштлик, эстетик жарроҳлик амалиёти ҳам амалга оширилади. Марказ раҳбари Дилором Давлетованинг айтишича, муассасага ҳамшираларни бу марказда ишлашга тайёрлаш учун Россия ва Германиядан мутахассислар жалб қилинган. Германиядан келтирилган қимматбаҳо тиббий ускуналар билан жиҳозланган бу муассаса Марказий Осиёда ягона бўлиши таъкидланди.
Алдаб бўлмайдиган ҳисоблагичлар
Марказидан чиқиб, шу ҳудудда жойлашган электрон ҳисоблагичлар ишлаб чиқариладиган корхонага йўл оламиз.
Ўзбекистонда электрон ҳисоблагичларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган 3 та корхона мавжуд бўлиб, улардан биттаси Яшнободда жойлашган. «Ўзэнергосозлаш» УК, Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси АЖ ва Хитойнинг «Chonqin Huanhong” компанияси томонидан таъсис этилган ушбу корхона бугун бир кунда 4 мингта электрон электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқармоқда. Тез орада бу кўрсаткич 6,5 мингтага етказилади. Ҳисоблагич қутиси юқори сифатли пластикдан ишлаб чиқарилган ва ёнғиндан ҳимояланган, Ўзбекистоннинг кескин континентал иқлимига ғоятда чидамли. Корхона вакилининг айтишича, ушбу ҳисоблагичларни алдаш мумкинмас.
Электрон ҳисоблагичлар корхонасидан чиқиб тўғри туманда россиялик инвестор томонидан қурилаётган тўрт юлдузли бўлиши кутилаётган 112 ўринли меҳмонхонани кўриш учун йўл оламиз. Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллиард сўм.
Хизмат кўрсатиш иншоотини келгуси туристик мавсум бошида ишга тушириш режалаштирилган.
Ёлғиз аёллар эътиборда
Тиллашайхов билан янги қурилаётган кўп қаватли уйларни кўздан кечириш учун Иззат кўчасига йўл оламиз.
Кўп қаватли уйларнинг бирини (126та хонадонли) жорий йил сентябр ойида топшириш режалаштирилган. Маълум бўлишича, 1120 хонадоннинг 350таси ҳукуматга топширилади. Бу хонадонлар ўз навбатида ҳукумат томонидан ёлғиз аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оила вакилларига комиссия қарори билан сотиб юбориш ҳуқуқисиз умрбод бепул фойдаланишга топширилиши белгиланган.
Тиллашайхов билан суҳбатимиз Яшнободдаги ҳароб аҳволга келиб қолган уйларга қайтади. Ҳокимнинг айтишича, бундай «авария» ҳолатидаги уйларнинг барчаси ўрганилиб, ҳисобга олинган. Уларнинг ўрнига келгусида баланд, замонавий кўпқаватли биноларни барпо этиш учун инвесторлар жалб этилади. Эски уйлар эгаларига агар улар шу ҳудудда яшаш истагини билдирса, янги қуриладиган уйдан хоналар ажратилиши ёки туманнинг исталган ҳудудидан мос уй олиб берилиши режалаштирилган.
Пудратчидан сентябргача битта уйни битириш ваъдаси олингач, таъмирга ташланган мактабгача таълим ташкилоти сари йўл оламиз. Бу ерда ҳам Тиллашайхов сентябргача таъмирлаш ишларини тўлиқ тугатиш лозимлиги ҳақида топшириқ беради.
Қурилиш майдонига айланган Яшнобод
2019-йилда туманнинг иккита маҳалласи «Обод маҳалла» дастурига тушган ва у ерда бугун тўлиқ таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Яшнобод МФЙда ишлар қизғин. Ишчилардан бири газ трубасини таъмирлаётган бўлса, сал нарида яна бири иссиқ сув қувурини таъмирламоқда. Маҳалла атрофидаги ўнқир-чўнқир йўлларга асфальт ётқизилиб, четларига бордюр қилинмоқда. Кимдир ўтларни тозалаган, кимдир қуриган шох-шаббаларни арралаган. Бу ишлар ниҳоясида кўп қаватли уйларнинг фасади устида иш олиб бориш режалаштирилган.
Ободонлаштириш ишлари билан танишгач, Яшнободни инновацион ҳудуд сифатида оламга таништираётган Технопарк томон йўл оламиз.
Машинада йўл-йўлакай туманнинг машҳур Кадишева бозорига кўзим тушади. Тиллашайховдан бозорлар қачон тартибга келтирилишини сўрайман.
Ҳоким тумандаги 3та бозордан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат бозорлари бўйича лойиҳалар тайёрлигини таъкидлайди.
“Айни вақтда Паркент бозори бўйича лойиҳа тайёр, презентацияси Ҳукумат даражасида кўриб чиқилмоқда. Аслида бозорлар ўрнига гипермаркет қуриб, тартибсизлик муаммосини осонликча барҳам берса бўлади, бу энг осон йўли. Лекин, биз, ўзбекларда «отанг бозор, онанг бозор», «бозор билан мозорга тегма» деган нақл бор. Менга ёшлигимдан шуни уқдириб келишган. Яшнободдаги энг катта бозоримиз - Авиасозлар бозори бўладиган бўлса, унга кўпқаватли автотураргоҳ керак ва у албатта, қурилади. Ҳозирда бор ҳаракатимиз бозорларимизни олиб қолишга қаратилган. Бошқарувни хусусий секторга бериш керак, чамамда. Хусусий сектор бошқарса ўғрилик кам бўлади. Паркент ва Кадишева бозорларини ёпмасдан, босқичма-босқич реставрация қилиб, замонавий, ёруғ, кўркам ва обод масканга айлантирмоқчимиз. 2020 йил ярмигача бу режамизни амалга оширамиз, деб умид қиламан».
Суҳбат билан бўлиб Яшнобод технопаркига етиб келганимизни сезмабман. Аслида ишлаб чиқариш жараёни шаҳарнинг турли ҳудудларига тақсимлаб ташланган. Биз Тошкент механика заводи (Тапоич) ҳудудида жойлашган корхонага келдик. Технопарк резиденти компания офисларига қўйиладиган, тарифлар ва хизматлар бўйича худди инсондек гапириб, маълумотлар берувчи уч дона робот ишлаб чиқарган. Улардан бири алоқа музейида, иккитаси Ucell компанияси офисидан жой олган.
Технопарк вакили ҳоким билан суҳбатда технопаркнинг энг сўнгги ишланмаси – ўзига ердаги намликни тортиб оладиган, кўринишидан шакардан фарқ қилмайдиган маҳсулот – гидрогел ишлаб чиқарилганини хабар қилади. Айтишича, Нукусда чўлнинг ўртасига шу гидрогел сепилиб, арча экилган ва усти қум билан ёпилган. Арча олти ойдан бери саҳро ўртасида ўсаяпти, деди фахр билан суҳбатдош.
Бу орада Тиллашайхов 1-сектор ишчи гуруҳи ишчи фаолиятини таҳлил қилади, кутилмаган қўнғироқдан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлигига бориб, Бош вазир қабулхоналарига раҳбар тайинлаш бўйича йиғилишда иштирок этади, 244-мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтларини қандай ўтказаётгани билан танишишга ва у ерда ҳатто ўқувчилардан бири билан шашка ўйнашга улгуради.
Сўнг “Дўстлик” боғидаги анҳор четида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан мени таништиради ва сўнгра у ердан тўғри Ер усти метроси қурилиш ишларини назорат қилиш учун “Дўстлик” бекати сари йўл оламиз.
Қайтишда анъанага айланган сайёр қабул ўтказиш учун Шоҳсанам маҳалласидаги мактаб биноси томон йўл оламиз.
Ҳоким билан учрашиб, унга ўз муаммоларини айтиш ва ечим топиб кетиш учун ўнлаб аҳоли йиғилган. Тиллашайхов ёнига келганларнинг мурожаатлари турли мазмунда: кимдир бир йилдан бери иссиқ сувга муҳтожлигини айтса, кимдир иш сўраб келган, ҳатто халқ қабулхонаси раҳбари мақтаган истарали онахон ўғли ноҳақ қамалгани ва унинг озод этилишида ёрдам беришларини илтимос қилди. Ёши кексароқ онахон саратон касаллигига чалинган опаси учун моддий ёрдам сўради.
Хотини яқинда фарзанд кўрган эркак эса ногиронлигини иддао қилади ва уй олишга ёрдам беришларини айтади. “Лекин биринчи тўловга пулим йўқ, кредит беришсин”, талаб қилади у. Кредит олиш учун эса ҳатто ярим ставка ишлашни мутлақо рад этади.
Ҳоким сайёр қабулга келган ҳар бир фуқарони диққат билан тинглайди, масалани иложи борича жойида ҳал қилишга ҳаракат қилади. Аммо ижроси маълум вақтни талаб қиладиган муаммолар ҳам йўқ эмас. Икки соатча давом этган қабулдан бирорта фуқаро ҳокимдан норози бўлиб кетмади.
Кеч соат еттида ниҳоят ҳокимлик биносига қайтамиз.
Ҳоким билан суҳбатимиз унинг кабинетида давом этади.
“Ёш раҳбар бўлиш осонми?”, - сўрайман Тиллашайховдан.
У жавобни узоқдан бошламайди, ҳар галгидек очиқ гапиради.
“Осон, деб бўлмайди, қийин. Ўзимдан келиб чиқиб жавоб беришим мумкин, 14 йил давомида банкда ишлаганман. Банк академиясини битирганимдан кейин ҳукумат топшириғи билан ҳокимиятга иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ҳоким ўринбосари бўлиб келдим. Тўғрисини айтаман, аввалига бу лавозимда ишлашни хоҳламаганман. Вазият оғир эди, бирорта лойиҳани амалга ошираман десангиз ҳокимиятда ресурс етишмасди. 2018 йилда Ҳукумат томонидан ҳоким лавозимига тайинландим. Фаолиятимга бир йил тўлади яқинда. Ўзига яраша масъулиятли иш. Қўлимдан келганча ҳаракат қилаяпман. Қилган меҳнатингиз натижа бераётганини кўрганингизда, янада шижоат билан ишга киришар экансиз.
- Туман ҳақида гапирилса, мардикор бозорларни эсламасликнинг иложи йўқ. Бу масалага қандай ечим топмоқчисиз?
- Тўғри, мардикорлар тўпланадиган нуқталар бизнинг ҳудудда мавжуд. Жойларга чиқиб масалани ўрганганимизда, Яшнобод аҳолиси мардикорлик қилмаслиги аниқланган. Сиз айтган бозорга республикамизнинг бошқа ҳудудларидан фуқаролар келиб, тирикчилик қилишади. Дейлик, Қашқадарё ва водий томонлардан келадиганлар кўп.
Худо хоҳласа, йил охиригача, аниқроғи октябрларгача меҳнат вазири Шерзод Кудбиев билан махсус марказни ишга туширамиз.
Бу ерда ишсизлар учун ўқув курслари ташкил этилади. Дейлик, шахс четга чиқиб ишлашни хоҳлайди, лекин ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва тилни билмайди. Марказларда талабгир соҳалар: Ғишт териш дейсизми, кран ишлатишми, хуллас кўплаб йўналишларда ўқув курслари ташкил этилади. Ҳатто бош вазиримиз сиделкалар ва боғбонлик курсларини ҳам ташкил этиш тўғрисида ғоя бериб кетдилар.
Ишсизларга агар уларнинг бизнес лойиҳаси бўлса, банкдан кредит оберишга ёрдам берамиз, ҳунар ўрганишни истаса, ўқитамиз, у ҳам бўлмайдиган бўлса бир ойда бир марталик иш берамиз. Агар бу ҳам бўлмайдиган бўлса ишсизлик нафақасини олиб шу ердан пул билан чиқиб кетади.
Марказ тайёр бўлганида кунига 500-1000 кишигача қабул қилиш имконига эга бўламиз. Ўйлайманки, бу сиз айтган мардикорлар масаласи ижобий ҳал этилишига замин яратади.
- Қаттиққўл, талабчан раҳбар сифатида таассурот уйғотдингиз?
- Қаттиққўллигим бор. Олдин банк соҳасида ишлаганман, у ерда ҳамма нарса ҳисоб-китобли, берилган топшириқ сўзсиз бажарилиши керак. Қўл остидаги ходимларга топшириқ берсам ва бу топшириқни ижроси бўлмаса, алдаса, уларни кечиролмаяпман. Яқинда иккита ўринбосаримни алмаштирдик. Ёш ва фаол бўлишига қарамасдан, берилган топшириқни вақтида бажара олмади. Битта нарсани тушуниш керак, топшириқ беряпманми, демак мен ҳам топшириқ оламан. Мен катта раҳбар эмасман, мени тепамдаям, бир неча поғона раҳбарлар бор. Лекин инсонга унинг қўлидан келадиган юмушни бериш кераклигини ҳам биламан. Қўл остидаги ходимларимнинг ҳаммасини яхши билганим, кўзим етгани учун у ёки бу топшириқни бераман. Кўзим етиб туриб, у бажармаса, бажара олмаса, уни кечиролмайман.
- Дам олишга вақт қоладими?
- Нима демоқчилигингизни тушундим. Президентимиз бошида 2 йил қаттиқ ишласак, ҳаммасини йўлга қўйиб олсак, яхши бўлади деган эдилар. Яқинда ўтказган селектор йиғилиши охирида кутилмаганда «Ваъда бергандим икки йил олдин - республикадаги ҳамма ҳокимлар 10 кундан дам олади», дедилар. Ишонасизми бутун республика бўйича ўша селекторни томоша қилаётган ҳокимлар қарсак чалиб юборди. Ҳақиқатан икки йил дам олишсиз ишладик, шанба ҳам ишладик, якшанба ҳам керак бўлганида.
2018 йилда бюджетга тушум зўрға 8 миллиард бўлган бўлса, 2019 йилни олти ойи ичида уч баробар ошди. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, тинимсиз меҳнат, кечани кеча, кундузни кундуз демадик. Президент якшанба кунлари фарзандларинг билан бўлинглар, деган топшириқни бердилар. Буям меҳнатимизга яраша мукофот, деб биламан.
Интервьюдан сўнг Тиллашайхов куз-қиш мавсумига доир йиғилиш ўтказди ва ниҳоят, 11дан ўтганида кун давомида йиғилган ҳужжат, хатларни кўриб чиқиб, имзолаш учун кабинетига йўл олди.
Очиғини айтсам, ҳокимнинг бир куни бу қадар мураккаб бўлишини кутмаган эдим. Албатта, мен бу кун якунланганидан хурсанд бўлиб, тезгина хайрлашиб, уйга йўл олдим. Йўл-йўлакай эса фақат бир фикр чарх урарди, четдан қараганда ҳоким ҳаёти ташвишсиз, беғам ва осондек туюлади. Аслида эса юқорида келтирилгандек назорат, диққат, хафсала ва улкан куч-ғайрат талаб этади. Ва бу серташвиш ҳаёт унинг ҳаёт тарзига айланган…